Темирйўлчилар маданият саройи ижтимоий-маданий марказ сифатида темирйўлчилар, транспорт қурувчилари, уларнинг оила аъзолари ва пойтахт аҳолиси орасида маданий-оммавий тадбирларни ташкил этади ва йўналтириб туради. Бўш вақтларини кўнгилли ва мазмунли ўтказишни истовчилар учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиб беради.
Маданият саройининг асосий мақсади меҳнат жамоалари ва уларнинг оила аъзолари, сарой жойлашган мавзе аҳолиси, таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари, мактабгача ёшдаги болалар ва ўсмирлар, ёшлар ва ишчи-ходимлар билан ишлаш, улар ўртасида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий эхтиёж ва талабларини қондириш, ёш авлоднинг ташаббусини, ижодиётини ривожлантириш, шахсни ҳар томонлама шаклланишига шароит яратиш асосида фаолият юритиб келмоқда.
Сўнгги йиллар давомида маданият саройида талайгина ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Янги, замон талабига тўла жавоб берадиган, капитал таъмирдан чиққан, шинам ва кўркам маданият саройи ўз фаолияти доирасини янада кенгайтириб бормоқда. Саройга келиб, турли тўгараклар ва бадиий хаваскорлик жамоаларига қатнашишни хоҳловчилар сони йил сайин ортиб бормоқда.
Айни пайтда саройда 25 дан ортиқ бадиий хаваскорлик жамоалари, тўгараклар, студиялар фаолият олиб бормоқда, аъзолар сони эса 700 нафардан ортди.
Маданият саройида халқ оғзаки ижодиёти, бой маданий меросимиз, буюк тарихимиз, миллий мусиқий санъатимиз, анъана ва қадриятларимизни сақлаш, бойитиш, ёш авлод қалбида она заминга мухаббат ва ҳурмат туйғуларини сингдириш мақсадида ташкил этилган. “Тараннум” мақомчилар ансамбли, “Тараннум” ўзбек чолғу ансамбли Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан юқори даражали дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.
Бундан ташқари, маданият саройида кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган “Серпантинки” болалар рақс жамоаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсиф этилган “Наъмунали бадиий жамоа” унвонига сазовор бўлган. “Серпантинки” “Наъмунали бадиий жамоаси” ўзининг юқори профессионал даражадаги турли халқлар рақсларидан иборат бой репертуари билан Республика миқёсидаги турли кўрик-танловлар, ҳамда бир талай халқаро танлов ва фестивалларда иштирок этиб, юқори совринлар ва Дипломларни қўлга киритиб келмоқда.
Маданият саройида фаолият юритаётган “Busted brothers” Хип-Хоп, “SBS” Брейк-Денс замонавий рақс командалари, “Аладдин” эстрада вокал студиялари ҳам асосан болалар ва ўсмирлардан ташкил топган бўлиб, шаҳар ва Республика кўрик-танловларида иштирок этиб, юқори даражали Дипломларни қўлга киритиб келмоқдалар.
Маданият саройида ташкил этилган “Тараннум” ансамбли, “Крылья оригами” РОК группаси, “Серпантинки” Наъмунали болалар рақс жамоаси, “Busted brothers”, “SBS” замонавий болалар рақс командалари, “Аладдин” эстрада вокал студияси жамоалари юртимиз ҳаётига, “Ўзбекистон темир йўллари” Акциядорлик Жамияти ҳаётига таълуқли барча байрам тадбирлари, анжуманларида фаол иштирок этиб, ўзларининг ранго-ранг, бой репертуарларини юқори профессионал даражадаги концерт дастурлари орқали намоиш этиб келмоқдалар.
Тошкент Темирйўлчилар маданият саройидан ташқари Ховос, Қўқон, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз шаҳарларидаги темир йўл тасарруфидаги маданият саройлари ва клублари ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Мана шу маданият масканлари томонидан ўтган беш йил мобайнида 1129 та турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилган бўлиб, уларда 572019 нафар темирйўлчилар ва улар фарзандлари иштирок этган. Шунингдек, ўтган давр мобайнида барча маданият саройлари ва клубларида 322 та турли тўгараклар фаолият олиб борган бўлса, уларнинг 191 таси болалар тўгаракларидир. Қатнашчилар сони эса 10223 нафарни ташкил этган.