ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

Темирйўлчи аёллар – замон билан ҳамнафас

                

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 2 февралида «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  ПФ-5325-сонли Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармонда мамлакатимиз тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни муҳимлигига алоҳида урғу берилган бўлиб, бу эса темир йўл тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларга ҳам катта масъулият юклайди.

                Мамлакатимизнинг қон томири бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси ва бошқа қонуний ҳужжатларда аёллар учун кўрсатилган имтиёзлардан тўла фойдаланмоқдалар. Айни кунларда темир йўл тизимида 91 минг 739 нафар ходимлар  хизмат қилади. Уларнинг 27 минг 422 нафари хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу кўрсаткич умумий ишловчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этади. Мустақиллик йилларида темирйўлчи аёлларнинг 69 нафари “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони билан, 29 нафари турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирландилар.


            “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг 2016 йил 13 декабридаги № 530-Н сонли “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, иш самарадорлиги ошириш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинган бўлиб, унда темир йўл соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолиятининг иш самарасини янада кучайтириш асосий мақсад қилиб белгиланган. Қолаверса, жамият хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги бошланғич ташкилотлари фаолияти кучайтирилиши, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан ишлаб чиқарилган тавсияларни амалиётга жорий қилиниши, жойлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйилиши, бугунги кун талаблари асосида мавжудларини янада кучайтириш, иш самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур вазифани адо этаётган бошланғич ташкилотлар раислари бўлган хотин-қизларнинг ойлик маошларига 30 фоизгача устама ҳақи билан таъминланиши “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Бошқаруви раиси А.Раматовнинг буйруғига асосан белгиланган.

            Бугунги кунда темир йўл тизимидаги корхона, ташкилот, бўлинма ва муассасаларда 40 нафар хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилот раислари фидойилик билан хизмат қилмоқдалар.

            Мазкур ташкилотларда ишловчи темирйўлчи хотин-қизлар 27422 нафарни ташкил этиб улар:

-         туғруқ ёшидаги хотин-қизлар - 12433 нафар,

-         ишловчи, нафақадаги аёллар - 213 нафар,

-         раҳбарлик лавозимларида - 109 нафар,

-         боқувчисини йўқотган аёллар -196 нафар,

-         ёлғиз отасиз фарзанд тарбиялаётган аёллар - 386 нафар,

-         ногирон фарзандлари бор аёллар - 134 нафар,

-         кўп болалик, кам таъминланган аёллар - 263 нафар,   

-         турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланганлар 140 нафар,

           

            Шунингдек, тизимдаги Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент, Самарқанд, Қўқон темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежлари ва Миробод академик лицейида жами 7790 нафар ўқувчи ва талабалар тахсил олса, уларнинг 868 нафардан ортиғини қизлар ташкил қилади.

         “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимидаги Тошкент, Қўнғирот, Қарши, Термиз, Қўқон, Бухоро минтақавий темир йўл узеллари (РЖУ)да тажрибали, ўз ишини устаси бўлган бошланғич ташкилот раислари фаолият кўрсатадилар.

            Жамият корхоналари, маъмуриятлари ва касаба уюшма ташкилотлари ўртасида тармоқ келишуви ва жамоа шартномалари тузилган бўлиб, уларда ишлаётган аёллар ва уларнинг фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида корхоналарнинг молиявий аҳволини инобатга олиниб қўшимча бандлар киритилган. Тармоқ келишуви ва барча корхоналарнинг жамоа шартномаларида темир йўл транспорти корхоналарида 20 йиллик меҳнат стажига эга бўлган, ишламайдиган нафақаҳўр аёлларга жамиятнинг “Сиҳатгоҳ”, “Қўнғирот” санаторий-профилакторийларига ҳамда “Чимён”, “Назарбек”, “Омонхона” санаторияларига уч йилда бир марта бепул йўлланма ажратилиши кўрсатилган. Биринчи марта турмуш қураётган йигит-қизларга эса иш ҳақи тўланадиган уч кунлик дам олиш куни берилади. Жамият корхоналарида меҳнат қилаётган фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшга тўлгунга қадар бўлган ёш оилаларга корхоналар ҳисобидан маблағлар ажратилиб улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.


            “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан ҳамкорликда қуйи касаба уюшма ташкилотлари ва хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари ташаббуси билан тизимдаги тиббиёт масканларида “Йил ҳамшираси”, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” УК да меҳнат қилувчи хотин-қизлар ўртасида “Энг яхши пазанда аёл”, “Ўзтемирйўлйўловчи” ОАЖ меҳнат қилаётган хотин-қизлар ўртасида “Йилнинг энг илғор аёл ишчиси”, темир йўл тизимидаги ўқув юртларида таҳсил олаётган истеъдодли талаба қизлар ўртасида “Зеболар баҳси”, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи темир йўлдаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан “Темир йўл маликаси” ҳамда  “Зукко китобхон” кўрик-танловларини ўтказилиши яхши анъанага айланган.

           Жамият хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан миллий қадриятларимизни эъзозлаган ҳолда темир йўл тизимида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган фахрий темирйўлчилар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, фаол ва фахрий хотин-қизлар, талаба ёшларни юртимизнинг қадимий Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Марғилон ва Тошкент шаҳарлари тарихий обидалари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш учун, хайрия асосида саёҳатлари ташкил этиш йўлга қўйилган.

                        Жамият хотин-қизлар қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш хизмати билан ҳамкорликда темирйўлчилар ўртасида тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзи юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

           Жумладан, темир йўл тизимида 12433 нафар репродуктив ёшдаги хотин-қизлар бўлиб, уларнинг барчаси махсус тиббий кўрикдан ўтказилган.

           Натижаларга кўра, 6332 нафар хотин-қизларда экстрагенитал касаллик белгилари аниқланган ва улардан 1949 нафари гинекологик касалликлар билан диспансер назоратида бўлиб йил якунига қадар 2000 нафар аёлнинг барчаси соғломлаштирилди.

           “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси ва қизил ярим ой жамияти темир йўл ташкилоти ташаббуси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида темир йўл тизимидаги ўқув муассасаларида ҳар йили март ойида “Экология ва Саломатлик ойлиги” ўтказилади. Ушбу мақсадли тадбирни ташкил этишда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин - қизлар қўмитаси, Персонални бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси, соғлиқни сақлаш хизмати, Республика “Экосан”, “Соғлом авлод учун” ҳалқаро хайрия жамғармаси, Республика маънавият тарғибот маркази, ОИТС ва ДОТС, “Оила” илмий-амалий марказлари хайриҳох сифатида ўз ҳиссаларини қўшадилар. Ойлик доирасида Тошкент темир йўл муҳандислари институтида, Тошкент, Самарқанд, Қўқон темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежлари ва Миробод Академик лицейларида “Репродуктив саломатлик”, “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш”, “Соғлом ва ахил оила қуриш сирлари”, “Табиат ва ёшлар”  каби мавзуларда давра суҳбатлари, учрашувлар, семинар-тренинглар, маданий, маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилиб, уларда 10 000 нафардан зиёд талаба ёшлар ва 300 нафардан зиёд педагог ходимлар иштирок этадилар.

           “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 2 февралидаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5325-сонли Фармони мазмун-моҳиятини бошланғич ташкилотлар раисларига етказиш мақсадида республикада биринчилардан бўлиб ўқув-услубий семинар ташкил этди. Темир йўл тизимидаги барча корхона, ташкилот, бўлинма ва муассасаларининг Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари ва фаол хотин-қизлар иштирокида ўтказилган семинар республика хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган семинарда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан келгусида хотин-қизлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, унумли ишлаши учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ҳаракатларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашилди. Барча соҳаларда бўлгани каби “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида ҳам аёллар меҳнатини қадрлаш, темирйўлчи хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, тиббий, маънавий муҳофаза қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилиб келинаётганлиги, бу борадаги ютуқлар, келгусидаги вазифалар семинарнинг асосий мавзусига айланди. Иштирокчилар темир йўл тизимида хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.


            Бундан ташқари оила институтини мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларни олдини олиш борасида Оила кодексига киритилган ўзгартишлар, ФХДЁ органлари тўғрисидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот бериш учун республика “Оила” илмий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда корхона ва ташкилотларда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Жамият хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, ўз жонига қасд қилиш, жамиятимизга мутлоқо тўғри келмайдиган салбий иллатларни олдини олиш мақсадида учрашувлар ташкил этилиб темирйўлчи хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга эришилмоқда.

Темирйўлчилар оилаларидаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида олиб борилган ишларнинг натижасидаги кўрсаткичларда ижобий тенденция кузатилмоқда. Тўй ва оилавий маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча сарф-харажаатларга йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида тартиблар ишлаб чиқилди. Ҳозирда жойларда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан бу борада тушунтириш-тағрибот ишлари олиб борилмоқда.

            Юртимизда темирйўлчи хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва нуфузини ошириш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар томонлама ибратли темирйўлчи аёлларни аниқлаш, уларнинг илғор ҳаёт ва иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида жамият Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш режалаштирилган эди. Танлов иштирокчилари темир йўл соҳасида меҳнат қилиб, ютуқларга эришган, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, ички меҳнат тартиб қоидаларига амал қилган, соҳани ривожлантириш мақсадида олиб бораётган изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари, янгиликлар яратиши ва ёшларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиб шогирдлар тайёрлаш, меҳнат жамоасидаги юксак обрў-эътибори, жамоат ишларида фаол иштироки, ижодкорлиги, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиши ҳамда мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри англаши ва уларни қўллаб-қувватлаши билан алоҳида ажралиб турадиган етук интеллектуал салоҳиятли аёлларни ташкил этади.“Йил аёли” танлови режасига асосан унинг ҳудудий босқичлари жойларда ўтказилиб, ғолиблар республика танловида иштирок этиш учун жами 80 та ҳужжат Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилди.

            “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси ва Персоналларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси билан ҳамкорликда темир йўл тизимидаги ўқув юртларида таҳсил олаётган истеъдодли талаба қизлар ўртасида бир неча йилдирки “Зеболар баҳси” кўрик-танловини ўтказиб келмоқда. Мазкур кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад қизлар ўртасида илм-маърифатни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоялаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини ёшлар онгига етказиш, Она-Ватанга меҳр-муҳаббат, келажакка ишонч, ёшлар ўртасида дўстликни тараннум этиш, бурч ва масъулият тушунчаларини тарғиб этиш, муқаддас тарихимиз, анъаналаримиз ва урф-одатларимизга  чуқур  ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, талаба ёшларнинг бўш вактларини фойдали ишлар билан тўлдириш, улар орасида ижодий ташаббускорлик ва соғлом мусобақа руҳини шакллантиришга хизмат қилишдир.

            “Зеболар баҳси” кўрик-танловининг 2017-2018 йилдаги республика босқичи иштирокчиларининг 2 нафари Тошкент темир йўл транспорти касб ҳунар коллежи ўқувчиси Хулкар Шерзодова Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказиладиган Зулфия номидаги давлат мукофоти республика босқичида адабиёт йўналишида,  Қўқон темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дурдона Зохидова санъат йўналишида иштирок этдилар.

        Жамият хотин-қизлар қўмитасининг жойлардаги бошланғич ташкилотлар раисларининг бевосита фаоллигида оғир аҳволга тушиб қолган, ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган темирйўлчи хотин-қизларга ташкилот ва корхона раҳбарияти томонидан моддий ва хайрия ёрдамлари кўрсатилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, “Йўлрефтранс” АЖ хотин-қизлар қўмитаси Раъно Салиева ташаббуси билан корхонада фаррош бўлиб ишловчи, ота-онаси вафот этган Манзура Эрназарованинг никох тўйи учун 5 млн. сўм моддий ёрдам ва мехмонхона ва ётоқхона мебеллари хайрия қилинди.

           “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ бошланғич ташкилоти раиси Саида Мустафаева ташаббуси билан заводда фаррош бўлиб ишловчи бир нафар ўта оғир шароитда яшовчи, боқувчисини йўқотган аёлга хайрия ёрдам кўрсатилди, фарзандини заводга оператор лавозимига ишга жойлаштирилди.

           “Тошкент Механика заводи” АЖ бошланғич ташкилоти раиси Мўътабар Мавлонова ташаббуслари билан собиқ болалар уйи тарбияланувчиси, оғир шароитда яшовчи, боқувчисини йўқотган бир нафар фаррош аёлга озиқ-овқат кўринишида хайрия ёрдами, 1 нафар фарзанди учун болалар оромгохига хайрия асосида имтиёзли йўлланма ва яна бошқа ёрдамлар кўрсатилди.

           «Андижон механика заводи»  ШК мажлислар залида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзб.Рес.Қонунининг мазмун моҳияти, порахўрликка қарши курашиш мавзусида Андижон шаҳар суди судьяси А. Исақов бошчилигида сайёр суд ўтказилди. Унда ўрта мактабда ҳисобчи бўлиб  ишлаган аёлни жиноий иши кўриб чиқилиб қонун доирасида чора кўрилди.

           “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раисларидан Саида Мустафаева “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ, Зулфия Тўрахонова “Узвагонтаъмир” АЖ, Нодира Хаджаева Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Нилуфар Мўминжонова Қўқон темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи, Фарида Рахманова Темир йўл қон қуйиш станцияси, М.Саидова “Қарши”МТУ УК, Мўътабар Мавлонова “Тошкент Механика заводи” АЖ ходимлари фидойилиги, ўз ишига нисбатан масъулиятлилиги ва ташаббускорлигини алоҳида таъкидлаш лозим.


           “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти ва унинг 383 тадан ортиқ жойлардаги бўлимлари томонидан 2018 йил давомида 21156 нафар темирйўлчи хотин-қизлар иштирокида маданий, маърифий, тиббий, ҳуқуқий, саломатлик, спорт мавзуларида тадбирлар ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчиларга 141 хил турдаги совға-саломлар тақдим этилиб, сарфланган маблағлар миқдори қарийиб 150 984 663,18сўмни ташкил этди.

           Жамиятни маънавий ривожланиши унинг аёлларга бўлган эътибори билан белгиланади. Зотан, аёли жисмонан соғлом, маънан баркамол юрт соғлом келажакни яратади. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари аёллар билан боғлиқ масалаларни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Дарҳақиқат, бугуннинг аёли тараққиётнинг олдинги босқичларида туриб ўз билим ва салоҳиятини эл-юрт фаровонлиги учун сарфламоқда. Зотан, аёли соғлом фикрли юртнинг келажаги буюк бўлиши шубҳасиздир. Бу борада “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимидаги темирйўлчи хотин-қизларнинг фаолиятини алоҳида таъкидлаш муҳим аҳамият касб этади.

Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна