Азиз ватандошлар!
Мамлакатимизда ижтимоий адолатни таъминлаш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш реал ҳаётий ҳақиқатга айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланган, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўллаш билан қўрқитган ҳолда турли ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилди.
Шундай экан, бу жараёнда фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Муҳтарам ҳамкасблар!
Аммо узоқ йиллар давомида шаклланиб қолган, пахта йиғим-терим мавсумида янада яққол кўзга ташланиб қолаётган, бу билан халқимизнинг шаъни ва давлатимизнинг нуфузига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнат амалиётидан бутунлай воз кечиш фурсати келди.
Ҳар ким ўзининг иш ва ўқиш жойида ўзига юклатилган вазифаларни ҳалол ва сидқидилдан бажармоғи лозим: ўқитувчи таълим беради, шифокор даволайди, ишчи маҳсулот яратади, қурувчи қуради, талаба билим олади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси пахта йиғим-терим мавсумида меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатни олдини олиш мақсадида:
биринчидан, теримчилар учун қулай меҳнат шароитлари яратилиши, меҳнат муҳофазаси ва гигиена қоидаларига риоя этилиши, уларга сифатли иссиқ овқат берилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатишни;
иккинчидан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга қаратилган қайта алоқа механизми мавсум давомида узлуксиз кечаю кундуз ишлаб туришини таъминлаш, бунда 1092-рақамли “Ишонч телефонлари”, интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланишни;
учинчидан, мавсум давомида Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ННТлар билан ҳамкорликда пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўлмаслиги борасида республиканинг барча ҳудудларида миллий мониторинг ўтказишни йўлга қўймоқда.
Касаба уюшмалари аъзоларига яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз:
– корхона, ташкилот, муассасалар ходимларидан ҳеч кимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки интизомий жазо бериш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига жалб этиш мумкин эмас;
– меҳнаткашлар, тадбиркорлар, деҳқон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролардан пахта йиғим-терими учун пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланади;
– терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган терим пуллари хеч қандай ушлаб қолишларсиз тўлиқ тўланиши
лозим.
Азиз юртдошлар!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сизлардан бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчи ва талабаларни, умуман, фуқароларни мажбурий меҳнатнинг турли кўринишлари – ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, пахта йиғим-терими, металлолом ва макулатура йиғиш, шунингдек, турли мавсумий ишларга жалб қилиш ёки бундай ишларни бошқалар бажаргани учун пул йиғиш ҳолатларига чек қўйишга кўмаклашишни, бундай ҳодиса рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки касаба уюшмаларининг тун-у кун ишлайдиган 10-92 рақамли “Ишонч телефони”га зудлик билан хабар беришингизни сўрайди.
Шунингдек, мажбурий меҳнат қалтисликларини келтириб чиқарувчи бошқа аломатлар, яъни фуқаронинг заифлиги ва қарамлигини суистеъмол қилиш, алдов, ҳужжатларни олиб қўйиш, иш ҳақини тўламаслик, хавфли меҳнат шароитларида ишлатиш, иш вақти меъёрларига риоя қилмаслик каби ҳолатларда ҳам бизга мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Бу юрт шаъни, Ўзбекистон обрўсига дахлдор масала эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси