“Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК касаба уюшма қўмитаси ташаббуси ва “Темирйўл касаба сервис” МЧЖ билан ҳамкорликда корхонада самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ темирйўлчилар учун Фарғона шаҳрига саёҳат уюштирилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад темирйўлчиларни Фарғонанинг тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳлари, қадамжолари ҳамда вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, халқимиз ҳаётидаги улкан ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништиришдир.
Темирйўлчи-саёҳатчилар Фарғона шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Худоёрхон саройи, Жомеъ, Норбўта бий, Саид Ахмадхўжа мадрасаси каби тарихий обидалар, шунингдек, Аҳмад ал-Фарғоний номидаги марказий боғ, Марғилондаги “Ёдгорлик” фабрикаси, Р.Усмонов номидаги кулолчилик устахонаси каби иншоотлар билан яқиндан танишдилар. Саёҳат давомида темирйўлчиларга маҳаллий гид ҳамроҳлигида зиёрат жойларнинг тарихи ва бугуни ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
-Туризмни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани туфайли мамлакатимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ҳамда файзли гўшалари нафақат дунё аҳлини, балки юртдошларимизни ҳам тобора ўзига мафтун этмоқда, — дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Нодира Рамазанова. — Касаба уюшмалари саъйи ҳаракати билан соҳа ходимларини йил давомида юртимизнинг барча тарихий шаҳарларига саёҳатларини ташкил этишни режалаштирганмиз.
Темирйўлчилар гўзал Фарғона шаҳрига уюштирилган саёҳатдан катта таассурот билан қайтдилар.