Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш, қўшни давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни жадал ривожлантириш борасида олиб бораётган ишлар кўлами кундан кунга кенгайиб бормоқда.
Жумладан, 2024 йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида имзоланган “Қирғиз Республикаси Иссиқ-кўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-рекреация хўжалиги объектлари тўғрисида”ги битимга асосан дам олувчилар сони йилдан йилга кўпаймоқда.
Мамлакатимизда ташқи туризмга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганлиги ва саёҳатлар кўламини кенгайтириш борасида бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан тушаётган таклифларни инобатга олган ҳолда касаба уюшмаси аъзолари учун ташқи туризмни ташкил қилиш ишларига кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг июль ойидан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкилотларида камида 5 йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга, кам таъминланган оилаларнинг ишловчи аъзоларига, шунингдек, смена асосида оғир меҳнат шароитида мунтазам равишда меҳнат қилаётган 500 нафар ишчи-ходимларга ишламайдиган кунларини сермазмун ўтказишлари ҳамда мароқли дам олишлари учун Қирғиз Республикасининг Иссиқ-кўл вилоятида жойлашган “Марказий Осиё олтин қумлари” пансионатида 7 кунлик туристик саёҳат ташкил қилиниши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 30 июнь куни “Тошкент” ҳамда “Қўқон минтақавий темир йўл узели” филлиаларининг 100 нафар ишчи-ходимлари Тошкент – Иссиқ-кўл – Тошкент йўналиши бўйича “Марказий Осиё олтин қумлари” дам олиш пансионатига йўл олдилар. Темирйўлчилар дам олиш масканига қулайликларга эга бўлган автобусларда тантанали кузатилди.
Пурвиқор Тяньшан ва Ола-тов тоғлари орасида жойлашган ва дунёдаги энг йирик тоғ кўлларидан бири бўлган Иссиқ-кўл Бишкек шаҳридан 278 километр жанубий шарқда, денгиз сатҳидан 1610 метр баландликда жойлашган. Ҳаво ҳарорати ёз ойларида ўртача +23 даража иссиқ, қиш фаслида эса -10 даража атрофида бўлади. Иссиқкўлнинг шимолий соҳилида “Марказий Осиё олтин қумлари” номи билан юритиладиган йирик дам олиш маскани ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Пансионат ҳудудида яшил хиёбонлар, шинам коттежлар ва кўлга чиқиш йўлаклари мавжуд.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги темир йўл корхоналарининг 500 нафар ишчи-ходимлари 4 та навбат асосида 30 июндан 22 июлга қадар дам олишлари режалаштирилган.Республика Кенгаши Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири
Л.Мерганова