Баъзан кўча-куйда айрим одамлардан давлатга тўлаётган солиқлари ҳақида норози оҳангда билдираётган фикрларини эшитиб қоламиз. Агар ушбу эътирозларни қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўрсак, солиқ аслида халқнинг турмуш тарзини яхшиланиши, жамиятимиздаги барча сохаларини ривожланиши, фарзандларимизнинг эртанги ёрқин келажагини таъминланиши айниқса, фуқароларнинг ойлик маоши ва пенсияларини ўз вақтида берилиши учун давлат томонидан сарфланадиган маблағ эканлигини тушуниб етамиз. Бошқача қилиб айтганда давлатга тўланган солиқ бир-бирига узвий равишда боғланиб ҳар кимнинг ўзига такроран қайтиб келадиган маблағдир.
Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизнинг ҳар бир соҳасида бўлгани каби солиқ тизимида ҳам халқимиз равнақи ва фаровонлигини янада юксалтириш борасида кенг қамровли, буюк ҳамда оламшумул ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунга солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилиш, солиқ ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 29 июнда қабул қилинган“Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонини мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу фармон юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида ҳам фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши кераклиги ҳақида тўхталиб ўтилади.
Айни вақтда тизимидаги янги ислоҳотларни амалга оширишда, солиқ ҳақидаги қонунлар ижросини таъминлашда фуқароларда айниқса соха мутахассисларда кўплаб мунозарали саволларни юзага келтирмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти томонидан тармоқдаги кўп сонли корхона ва ташкилот ҳисобчилари шунингдек раҳбарларини солиқларни ҳисоблашда қабул қилинган қонунлар ҳамда янги йилдан кучга кирган ўзгаришлар билан тўлиқ таништириш мақсадида “2019 йилнинг 7 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясидаги янгиликлар” мавзусида семинар ўтказилди.
Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Розиметов Махмуд Хабибуллаевич раислигида ўтказилган ушбу семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси молия бўлими мудири - Ҳамзаев Жўрабек Абдиқулович, Тошкент темир йўл муҳандислари институти “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” кафедраси иқтисод фанлари номзоди, доцент – Султанова София Махмудовна шунингдек,Тошкент, Бухоро, Қўқон, Қўнғирот, Қарши, Термиз минтақавий темир йўл узели касаба уюшмалари ҳудудий қўмиталари, бирлашган ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, бош ҳисобчилари ҳамда ғазначилари иштирок этдилар.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси молия бўлими мудири Ж.Ҳамзаев “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясидаги янгиликлар” мавзусида сўзга чиқиб, 2019 йилда фойда солиғи, ресурс солиқлари – мол-мулк, ер ва сув солиқлари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов, қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови солиқларни ҳисоблаш ҳамда тўлашга доир энг муҳим ўзгаришлар билан таништирди. Иштирокчилар бюджетга тўланадиган суммаларни оптималлаштириш, пеня ва жарима санкцияларига тушиб қолмаслик учун нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини билиб олдилар.
Шундан сўнг Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши молия бўлими мудири У.Матмуратов солиққа оид статистик, қўшимча ва солиштирма маълумотларни экран орқали слайд кўринишида намойиш қилиб бир қанча мисоллар асосида тушунтириб берди. Маълумот ўрнида семинар мазмуни ва мақсаддан келиб чиқиб, Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги барча касаба уюшма ташкилотларининг раислари, бош ҳисобчилари ҳамда ғазначиларига иш-фаолиятларида юзага келадиган саволлар ҳамда тушунмовчиликлар юзасидан тўғридан-тўғри Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши молия бўлимига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтиб, зиммаларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида тўлиқ бажаришларини талаб қилди.
Иш жараёнида қўллаш учун керакли ва қимматли маълумотларга бой бўлиб ўтган семинар якунида қатнашчилар солиқ ҳисоботлари, янги тахрирдаги ҳисоб фактура ҳамда корпоратив карталардан фойдаланишда хужжатларни расмийлаштириш ва шу каби ўзларини қизиқтирган саволларига соха мутахассисларидан тўлиқ жавоб олдилар.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва
транспорт қурувчилари касаба уюшмаси
Республика Кенгаши ишлар бошқарувчиси
Нурматова Назокат Абдурашидовна