“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг мажлислар залида 2018-2020 йилларга тузилган тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2018 йил давомида бажарилгани ҳамда 2019 йилда ушбу масалаларни бажарилишини таъминлаш мажбуриятларини аниқлаб олиш бўйича Жамият раҳбарияти билан Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларининг биргаликдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Республика Кенгаши тасарруфидаги ва аъзо ташкилотларнинг раҳбарлари, касаба уюшма қўмита раислари иштирок этди. Йиғилишга Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров раислик қилди.
Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Хуснутдин Хасилов ҳам иштирок этиб, 2018 йилда темирйўлчиларимиз томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, юк ва йўловчи ташишда эришилган кўрсаткичлар, инвестиция лойиҳалари доирасида амалга оширилган бунёдкорликлар, тармоқ ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бажарилган ишларнинг ҳисоботи бўйича маъруза қилди.
–Бугун биз темир йўл транспортини аниқ ва бир меъёрда ишлашига қаратилган ҳамда темирйўлчиларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларини аниқловчи тармоқ келишуви мажбуриятларини 2018 йилда бажарилганлигини кўриб чиқиб, 2019 йилда ҳам ушбу масалаларни бажарилишини таъминлаш мажбуриятларини аниқлаб олишимиз лозим, – деди Х. Хасилов. – Соҳада меҳнат унумдорлиги кўрсаткичининг бажарилиши иш ҳажмига нисбатан ишчилар сонини меъёрда ушлаб туришни талаб қилади. Ишчиларнинг қўнимлигини таъминлашда эса ижтимоий соҳанинг аҳамиятини эътиборга олган ҳолда Жамият бошқаруви томонидан ижтимоий объектларни сақлаш ва ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият берилиб келинмоқда. Жамиятда 2018 йил давомида халқ хўжалигининг юк ва йўловчиларини ташишга бўлган эхтиёжлари тўла қондирилган ва 68,42 миллион тонна километрга бажарилган. Жами 22,62 миллион йўловчи ўз манзилларига элтиб қўйилди. Йил давомида молиялашнинг барча манбалари ҳисобидан 527,32 миллион долларлик маблағни ўзлаштирилишига эришилди. “Электрлаштирилган Ангрен – Поп темир йўлнинг қурилиши ҳамда Поп – Қўқон – Андижон темир йўл участкасини электрлаштириш”, “Қарши – Термиз темир йўл линиясини электрлаштириш”, “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳалари амалга оширилди.
Йиғилишда Ўзбекистон темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров маърузаси тингланди.
–Бугунги мажлисимизда муҳокама қилиш учун киритилган амалдаги тармоқ келишуви мажбуриятларини 2018 йил давомида бажарилиши тўғрисидаги масала кўп минг сонли Жамият жамоаси ҳаёти ва фаолиятида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳаммамиз учун аниқ ва равшандир, – деди Қ. Сабиров. – Тармоғимиз бўйича 2018 йил учун битта келишув, 94 та жамоа шартномаси тузилган бўлиб, улар орқали 103 минг 99 нафар темир йўл ва транспорт қурувчилари, метрополитен ва кўмир саноати ходимлари ва касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари қамраб олинган. Ўтган 2018 йил мобайнида санаторий ва дам олиш масканларига 1 минг 371 та йўлланма, уларга ижтимоий суғурта маблағларидан 1 миллиард 307 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланиб, йўлланмаларнинг 5 фоизи ёки 66 донаси корхоналарда меҳнат қилаётган байналмилалчилар, кам таъминланган оилалар, нафақадаги меҳнат фахрийларига бепул берилди.
Темирйўлчилар фарзандларини ёзги мавсумда мароқли дам олишларини таъминлаш мақсадида режага кўра 7500 нафар бола ўрнига 7822 нафар бола оромгоҳларда соғломлаштирилиб, уларнинг 7782 тасини соҳа ходимлари фарзандлари ташкил этди. “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси темирйўлчиларининг 280 нафар болалари “Қўнғирот” профилакторийсида соғломлаштирилди.
Муҳокамалар жараёнида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тегишли корхоналари раҳбарлари ва тизимдаги касаба уюшма ташкилотлари раислари ҳам фаол қатнашдилар. Улар сўзга чиқиб, йиллик ҳисоботлари тингланди. Йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб, ечимини кутаётган масалалар ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар олишди.
Тадбир давомида жойларда ишлаб чиқариш жараёнида юзага келадиган камчиликларни бартараф этиш, меҳнат муҳофазаси талабларини тўлақонли ташкил этишда касаба уюшмалари ходимлари меҳнат муҳофазаси масъуллари билан баб-баровар жавобгар эканлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни янада жонлантириш лозимлиги айтиб ўтилди.
2019 йилнинг 1-ярим йиллик Жамият бўйича бажарилиши зарур бўлган асосий иш кўрсаткичлари ва вазифалар ҳақида ҳам сўз борди. Унга кўра ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва нуқсонларга йўл қўймаслик, юк жўнатиш ҳажмини ўтган йилга нисбатан 102 фоизга бажариш, йўловчи айланмаси ҳажмини ўтган йилга нисбатан 100 фоизга бажариш, экспорт ҳажмини прогнозга нисбатан 100 фоизга бажариш, Жамият саноат корхоналари ҳаражатларини ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга камайтириш, инвестиция дастури бўйича режалаштирилган маблағларни тўлиқ ўзлаштириш учун барчамиз бир тану, бир жон бўлиб, фидойилик билан меҳнат қилишимиз зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, бажарилиши бўйича назорат ўрнатилди.
Рустам ҲАЙДАРОВ