ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

«ЮНУСОБОД» МЕТРО ЙЎЛИНИНГ ИККИНЧИ ЛИНИЯСИДА БУРҒУЛАШ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ
20.07.2019

Айни пайтда Тошкентда тезкор, хавфсиз ва замонавий жамоат транспорти саналмиш метро қурилиши бўйича учта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Булар – «Сергели», «Юнусобод» ҳамда ер усти халқа метро йўлидир, деб ёзади ЎзА.
Тошкент метрополитенининг «Юнусобод» йўналиши иккинчи босқичи қурилишининг умумий қиймати — 124,8 млн АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, барпо этилаётган янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрдан иборат.
«Тошкент метропроект» МЧЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳанинг қурилиш ишлари жорий йилдаёқ тўлиқ ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Ушбу йўналишда бекатлар сони иккитани («Юнусобод» ва «Туркистон») ташкил қилиб, уларнинг ўртача оралиғи 1,43 километрдан иборат. Платформаларнинг узунлиги эса 102 метр бўлиб, унда электропоездлар икки томонлама ҳаракатланади.
Ҳозирда «Туркистон» ва «Юнусобод» станциялари оралиғидаги тоннелни қуриш, «Туркистон» станциясидаги қайта чиқиш ҳамда тупикларни қуриш бўйича очиқ усулдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу линиянинг ёпиқ қисмида қурилиш ишларини олиб бориш учун Германиянинг «HERRENKNECHT» компаниясидан келтирилган горизонтал бурғулаш ускунаси ёрдамида қарийб 1,5 километрдан иборат биринчи линияни бурғулаш ишлари жорий йилнинг май ойида бошланган бўлиб, яқинда якунига етди. Мазкур жараёнда жами 938 та халқа (тюбинг кольцо) ўрнатилди. Таъкидлаш керак, ушбу технология «Юнусобод» линиясининг «Шаҳристон» бекати билан уланиш учун тайёрланган махсус қисмга етиб келди.
18 июль куни 1,5 километрдан иборат иккинчи линияни бурғулаш ишларига старт берилди.
«Тоннелимизнинг биринчи линиясини қуриш ишларини май ойида бошлаган эдик ва қарийб 1,5 км масофани уч ойда кавлаб чиқдик. Иккинчи линия эса биринчи линияга нисбатан бироз узун. Бугун ушбу линияни бурғулаш ишларини бошлаш арафасида турибмиз. Шу билан бирга «Туркистон» метро бекатида қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қисқа фурсатларда ушбу бекатни замонавий, барча қулайликларга эга ҳолатда қуриб битказиш арафасида турибмиз. Туннелни бурғулаш жараёнида эса Германиядан келтирилган технология ёрдамида бир суткада 10—12 метргача масофани бурғулаш имкониятига эгамиз. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, иккинчи линияни қуриб битказишимиз учун 4—5 ой вақт талаб этилади. Германиядан келтирилган ушбу технологиянинг афзалликларига келсак, у тўла автоматлаштирилган тизимлар бўйича ишлайди. Масалан, 3—3,5 тоннадан иборат темир ҳалқа бўлакларини вакуум аппарати, яъни ҳаво босими ёрдамида кўтариб-тушириш имкониятига эга. Бундан кўринадики, инсон кучи ёрдамида кўтариш анча мураккаб бўлган оғирликдаги бетон халқаларни бу аппарат осонгина кўтариб тушира олади», — деди инженер-механик Шоҳруҳ Худойқулов.
Ҳозирда Юнусобод йўналишида иккинчи босқич қурилиши давом этмоқда. Бугунги кунда метронинг туннел қурилиш-монтаж ишлари очиқ ва ёпиқ усулда олиб борилаяпти. Мазкур ер ости қурилиш ишлари «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонасининг 67-Кўприкқурилиш отряди жамоаси томонидан амалга оширилмоқда. Объектда 180 нафардан ортиқ малакали муҳандис ва мутахассислар қирққа яқин замонавий махсус техника ҳамда механизмларда кеча-ю кундуз иш олиб бормоқда.
Лойиҳа 2019 йил охирига қадар тўлиқ ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Ушбу бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилгач, «Юнусобод» метро йўналишига яна иккита бекат қўшилади. Янги қурилаётган «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари шарқона меъморчилик анъаналари асосида барпо этилмоқда. Мазкур бекатларнинг ишга туширилиши эса пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг узоғини яқин қилади.

200
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна