Байрам нафаси уфуриб турган сарой ҳудудида ўзбек миллий чолғулари карнай-сурнай садолари остида тантанавор кутиб олинган меҳмонлар билан шаҳримизнинг энг чиройли масканига айланган Марказий темирйўлчилар маданият саройи соҳа ходимлари билан тўлди. Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири А.Раматов, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раси Х.Хасилов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқҳўжаев иштирок этди.
Байрамда шунингдек, ҳукумат аъзолари, тармоқ раҳбарлари, соҳа ходимлари, нафақадаги темирйўлчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари меҳмон бўлишди. Тадбирда А.Раматов сўзга чиқиб, байрам муносабати билан кўп минг кишилик темирйўлчиларни муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, соҳа тараққиёти йўлида катта муваффақият тилади. Эришилган ютуқлар ҳақида гапирар экан, олдимизда турган асосий вазифаларни бажаришда янада масъулият билан, фидойилик билан ҳаракат қилиш лозимлигини бугун даврнинг ўзи тақозо этаётганини алоҳида айтиб ўтди.
– Темир йўл транспорти мамлакатимиз иқтисодиёти учун энг муҳим соҳалардан бири, уни янада ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун малакали мутахассислар ҳам, энг замонавий, қудратли техникалар ҳам мавжуд ва улардан унумли фойдаланиш зарур, – деди А.Раматов. – Темирйўлчиларимиз томонидан пойтахтимизда бунёд этилаётган янги метро линиялари ва Шарқий аэропорт каби йирик лойиҳаларни қуриб битказишда катта муваффақият тилайман.
Байрам тадбирида Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев ҳам сўзга чиқиб, темир йўл соҳаси ходимларининг матонатли меҳнати ҳар бир соҳа ходимлари учун ибрат бўлиб келаётгани, бу касб эгалари оғир шароитларда ҳам, тоғ ва чўл ҳудудларида ҳам меҳнат қилиб, юртимиз транспорт соҳасини ривожлантиришда катта ҳисса қўшаётганини айтиб ўтди.
– Тошкент шаҳрини иқтисодий юксалишида темирйўлчиларнинг ўрни юксак даражада. Чунки пойтахтимизда соҳа ходимлари томонидан катта ишлар қилинмоқда, – деди Ж.Ортиқхўжаев. – Бунда ер усти ва ер ости метро линияларини қурилиши, янги йўл ўтказгич, кўприкларни бунёд этиш ва замонавий дам олиш боғларини барпо этишда бу касб эгалари том маънода ибрат ҳамда матонат кўрсатишмоқда.
Маросимда Х.Хасилов касб байрами билан 100 минг кишилик темирйўлчиларни табриклаб, соҳада амалга оширилаётган бунёдкорликлар, янги режалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берди.
- Йўловчиларга сифатли ва ишончли хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш мақсадида режага кўра Испания давлатидан 2 та янги ҳамда энг замонавий, сўнгги русумдаги “Talgo” электропоездлари харид қилинади, – деди Х.Хасилов. – Шунингдек, 2020 йилнинг сўнгига қадар 4 та 2 қаватлик поезд ва 25 та электровоз олиб келиниши режалаштирилган. Электровозлар Хитой Халқ Республикаси шунингдек Россия Федерациясидан келтирилади. Натижада 2020 йил охирига қадар мамлакатимиз темир йўл участкалари тўлиқ электровозлар билан таъминланади. Соҳа ходимлари томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, режага кўра Сергели ва Қўйлиқ ер усти метросининг бир қисми жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Тадбирнинг расмий қисми якунлангач, байрам дастури бошланди. Эл суйган санъаткорлар ва Марказий темирйўлчилар маданият саройи ҳаваскорлик тўгараклари қатнашчилари иштирокида катта концерт дастури байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади. Айниқса барча куй-қўшиқлар, мусиқа-оркестр жўрлиги ҳамда таниқли санъаткорлар фақат жонли ижрода қўшиқлар куйлашди.
Сарой ташқарисида ҳам соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, фарзандлари учун байрам сайли ташкил этилиб, мусиқа садолари янгради. Темир йўл қишлоқ ҳўжалиги мажмуаларида етиштирилган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбек миллий таомлари ҳам тайёрланиб, арзон нархларда меҳмонларга таклиф этилди.