ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

ТЕМИРЙЎЛЧИЛАР КАСБ БАЙРАМИНИ МУНОСИБ НИШОНЛАШДИ
05.08.2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 августда қабул қилинган “Ўзбекистон  Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги ПФ-5128-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида соҳа ходимларининг касб байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда бошқармалар, марказлар, саноат корхоналари ва ташкилотлар раҳбарлари, барча минтақавий темир йўл узеллари тасарруфидаги корхоналарда меҳнат қилаётган бир гуруҳ ишчи-ходимлар иштирок этди.

Тадбирда жамият бошқаруви раиси Х.Хасилов йиғилганларни мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида ўтаётган касб байрами билан табриклаб, соҳада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда бу ерда иштирок этаётган касб эгаларининг ўрни беқиёс эканлигини айтиб ўтди.

–Ўзбекистон темир йўллари тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда. “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси ҳамда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига қўшилиши билан ишчи-ходимларимизнинг умумий сони 100 минг нафарга етди, – деди Х.Хасилов. – Уларнинг ҳаммасига касб байрами муносабати билан 120 минг сўмдан, жами 12 миллиард сўм ажратилди. Тадбирда бошқарув раиси Президентимиз топшириғи билан пойтахтимизда қурилаётган ер усти ва ер ости метро линияларида 5-6 минг нафар ишчи ходим фидойилик билан меҳнат қилаётгани, янги аэропорт қурилиши ҳам темирйўлчиларга ишониб топширилганини мамнуният билан тилга олди. Шунингдек, тармоқ тасарруфидаги шифохона, поликлиника, дам олиш масканлари, санаториялар, институт ва коллежлар соҳа тараққиёти учун хизмат қилаётганини айтиб ўтди.

Айниқса, темирйўлчилар бўш ётган ерларни ўзлаштиришда ҳам катта тажриба тўплаб, мамлакатимиз қишлоқ ҳўжалиги ва чорвачилик соҳаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани эътироф этилди. Шу боис сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан жами 20 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилди. Бугун ушбу ҳудудлар темирйўлчилар қўли билан обод масканларга айлантирилиб, қишлоқ ҳўжалиги ва чорвачилик мажмуалари қурилиб, юзлаб фуқароларимиз иш билан таъминланяпти, озиқ-овқат, полиз ҳамда сут ва гўшт маҳсулотлари етиштирилмоқда. Байрам муносабати билан тармоқ тасарруфидаги чорвачилик мажмуаларида темирйўлчиларни сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 120 та оғир вазнли қора моллар сўйилиб тарқатилди.


Тадбирнинг энг хаяжонли дақиқаларида, бу йилги касб байрамида мукофот эгаларига “Фаҳрий темирйўлчи” кўкрак нишони ва биринчи маротаба Ўзбекистон транспорт вазири А.Раматов имзолаган “Фаҳрий темирйўлчи” гувохномаси шунингдек, Ўзбекистон Республикасида жорий этилган энг кам ойлик маошининг саккиз баробари миқдорида пул мукофоти билан тантанали тарзда тақдирланди. Аслида бу мукофтга мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фидойилик билан меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар орасида юзлаб, минглаб муносиб меҳнаткашлар бор. Бироқ, мукофот сони чегараланганлиги боис навбат билан берилиши қайд этилди. Ана шундай мукофотга Бухоро МТУ унитар корхонаси Худудий касаба уюшма қўмитаси раиси Джумаев Муродилло Усмонович ҳам сазовор бўлди. Таъкидлаш лозимки, касб байрами муносабати билан бериладиган энг олий мукофот йил сайин ошириб борилмоқда. Масалан ўтган 2018 йилда 28 нафар соҳа ходимлари “Фаҳрий темирйўлчи” белгиси билан тақдирланган бўлса, бу йил уларнинг сони 32 нафарга етди.

399
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна