Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишни ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали ўз саломатлигига масъулият ҳиссини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан соғломлаштириш ва оммавий спорт тадбирлари ўтказилмоқда.
“Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан “Спорт – соғлиқ гарови” шиори остида ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган куннинг 28 йиллигига бағишланиб, унда корхона ишчи-ходимлари стол тенниси, узоқликка сакраш, дартс ва кегли спорт турлари бўйича ўзаро беллашди.
Спорт мусобақасини қизиқарли ва адолатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида касаба уюшмаси қўмитаси томонидан барча зарур шароитлар яратиб берилди. Ҳар бир беллашув ҳакамлари томонидан адолатли бошқариб борилди. Кескин ва муросасиз баҳсларда энг кучлилар аниқланиб, ғолиблар номи эълон қилинди. Унга кўра аёллар ўртасида бўлган дартс Шахноза Абдураимова, кегли спорт мусобақасида эса Шахноза Каримова ғолибликни қўлга киритди. Эркаклар ўртасида стол тенниси бўйича Бунёд Комилов, узоқликка сакраш бўйича Фарҳод Раҳимбердиев етакчилик қилди. Ғолиблар 5 декабрь куни Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ўтказиладиган спартакиадага йўлланма олишди.
Мазкур мусобақа якунида ғолиблар ҳамда иштирокчилар корхона касаба уюшмаси қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.