Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат 6:00 да Шаҳрисабздан йўлга чиққан Қорабайир зотли отлар 450 километрга яқин масофани босиб ўтиб, 6 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига етиб келди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Қорабайир отчилик мажмуаси” давлат унитар корхонаси томонидан ўтказилган “Масофавий от пойгаси”да Қорабайир зотли отларни жасурлиги, бардошлилигиги ва узоқ масофага чидамлилиги яна бир бор ўз исботини топди.
Отлар Қашқадарё довони, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларидан ўтиб, тўрт ярим кун деганда маррага етиб келди. Кун давомида улар ўртача 100-110 километр масофа юриб, уларни қўллаб-қувватлаш учун чиққан аҳоли билан кўришишди ва байрамона кайфият улашиб, белгиланган масофани қийинчиликсиз босиб ўтди.
Уларни сўнгги манзилда кутиб олиш маросими ҳам ўзига хос байрам тарзида нишонланди. Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрлари, Миллий гвардия ходимлари, Темирйўлчи ёшлар жамоасининг барчаси Амир Темур хиёбонга йиғилишиб, Қорабайир отларини минган чавандозларни ва ташкилотчиларни олқишлар садоси остида муносиб қарши олишди.
Тадбирни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасилов очиб берди ва бу каби масъулиятли вазифани муваффақиятли босиб ўтган чавандозларни чин дилдан муборакбот этди.
Шунингдек, Сафар давомида ўзининг чидамлилиги ва бошқа отлардан жисмоний жиҳатдан ажралиб турган “Юлдуз” лақабли отга “Масофавий от пойгаси”нинг кубоги топширилди. Мазкур тадбирни ташкил қилган Қорабайир отчилик мажмуаси директори ва бошқа масъул ходимларга ҳам фахрий ёрлиқ ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ажратилга қимматбахо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.