“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхоналарида меҳнат муҳофазаси бўйича ўтказилган Республика кўрик-танловининг 2-босқич ғолиблари аниқланиб, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раёсатининг 2017 йил 20 ноябрдаги 8-108 “с” сонли қарори билан тасдиқланган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан Республика кўрик-танлови тўғрисидаги низомга асосан тармоқ корхона, ташкилот ва муассасалари кўрик-танловда иштирок этиб, фахрли совринли ўринларга сазовор бўлиб келмоқдалар.
Республика Кенгашининг ижроия қўмитаси йиғилишида Республика Кенгаши кўрик танлов хужжатларини умумлаштириш комиссиясининг 16-ноябрдаги йиғилиш баёни муҳокама қилиниб, 4 та номинация ғолиблари аниқланди ва ўринлар тасдиқланди.
Кўрик-танловнинг 5.23 бандида 2-босқич ғолибларига бериладиган эсдалик совғалар миқдори 3-ўрин учун Республикада ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробаригача, 2-ўрин учун Республикада ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача, 1-ўрин учун Республикада ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баробаригача белгиланганлиги инобатга олиниб, “Энг яхши корхона” номинацияси ва “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича 3-ўрин ғолибларига 1162650 сўмлик микротўлқинли печ, 2-ўрин ғолибларига 1877950 сўмлик совутгич ва 1-ўрин ғолибларига 2136700 сўмлик телевизор эсдалик совғалари берилди. Шунингдек, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” номинацияси ва “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинацияси бўйича 3-ўрин ғолибларига 845250 сўмлик электргўштмайдалагич, 2-ўрин ғолибларига 923450 сўмлик шарбатчиқаргич ва 1-ўрин ғолибларига 1049950 сўмлик чангютгич эсдалик совғалари совриндорларнинг корхона ва ташкилотларига юборилди.
Айни пайтда минтақавий темир йўл узеллари касаба уюшмаси ҳудудий қўмиталари ва ташкилот касаба уюшма қўмиталари совринларни ғолибларга тантанали равишда тақдим этилишини ташкил этмоқдалар.
Танлов якунларига кўра “Энг яхши корхона” номинациясида 1-ўринни Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги корхонаси эгаллади. 2-ўрин Қўнғирот электр таъминоти корхонасига насиб этди. Кучли учликдан эса Бухоро темир йўл масофаси корхонаси жой олди.
“Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинациясида Термиз вагон депоси касаба уюшма қўмитаси 1-ўринга сазовор бўлди. 2-ўринни Қарши темир йўл масофаси касаба уюшма қўмитаси эгаллади. 3-ўринга Қўқон сигналлаштириш ва алоқа масофаси касаба уюшма қўмитаси сазовор бўлди.
“Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” номинациясида 1-ўринга Андижон темир йўл масофаси меҳнат муҳофазаси вакили Мухаммадшукур Вахобов сазовор бўлди. 2-ўрин “Термиз минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг “Ғалаба” станцияси меҳнат муҳофазаси вакили Алишер Сафаровга насиб этди. 3-ўринни эса Қўнғирот вагон депоси меҳнат муҳофазаси вакили Мубарек Джанабердиев қўлга киритди.
“Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинацияси танловида 1-ўринга Қарши темир йўл таъмирлаш корхонаси меҳнат муҳофазаси муҳандиси Элёр Эшмуродов, 2-ўринга “Термиз минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўлими бошлиғи Олим Нормуротов ҳамда 3-ўринга Тошкент сигналлаштириш ва алоқа корхонаси ишлаб чиқариш катта ўқитувчиси Шариф Бабаджанов сазовор бўлдилар.
Ж.ВАЛИХОНОВ,
Тармоқ касаба уюшмаси
Республика Кенгаши
меҳнат муҳофазаси бўлим мудири