Жорий йилнинг 17 декабрь куни Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси кенгашининг навбатдаги 59-йиғилиши онлайн шаклда zoom видеоалоқа кўринишида ўтказилди.
Унда Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда Россия темир йўллари касаба уюшмаси раиси Николай Никфоров, конфедерация кенгаши бош котиби Геннадий Косолапов, кенгаш аъзолари Озарбайжон, Арманистон, Белорусь, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Молдава, Россия, Эстония, Украина темирйўлчилар касаба уюшмалари раҳбарлари ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров иштирок этди.
Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси кенгашининг йиғилишида бир қанча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Кун тартибидаги биринчи масаласи юзасидан Қ.Сабиров COVID-19 пандемиясининг иккинчи тўлқини шароитида Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши бошчилигида темир йўл тизимидаги ҳудудий, бошланғич, бирлашган касаба уюшмаларининг ҳозирги ҳолати ва ҳаракатлари, соҳадаги меҳнат шароитлари, бандлик ҳамда иш ҳақига таъсири тўғрисида маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг пандемия даврида тасдиқлаган фармонларининг ижросига мувофиқ касаба уюшмасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.
Унга кўра Тармоқ касаба уюшмаси аъзолари, уруш қатнашчилари, фахрийлар ва меҳнатга лаёқатсиз ишчилар ҳамда ёлғиз нафақахўрлар ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Хусусан, пандемия авж олган даврда Акциядорлик жамияти томонидан ишламайдиган нафақахўрлар, меҳнат фахрийлари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб, манзилли етказиб беришда касаба уюшма ташкилотлари фаол иштирок этгани таъкидланди. Шунингдек, 14 ёшга тўлмаган болага ғамхўрлик қилаётган коронавирус инфекцияси юқтирган ёки юқтирганликда гумон қилинганлиги сабабли карантинга олинган ота-оналарга ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча нафақа тўлангани ва ушбу ходим билан иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўймаслик назоратга олингани айтилди.
Йиғилишда бугунги кунга қадар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг 1500 дан ортиқ аъзоларига 1,5 миллиард сўм миқдорида соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатилгани, тизимдаги барча даволаш-профилактика муассасаларида шунингдек, Соғлиқни сақлаш хизматида телеграмм тармоғи орқали оператив маслахат гуруҳи ташкил қилингани эътироф этилди.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттириб, умумий мақсад йўлида бирлашган ҳолда мустаҳкам алоқаларни давом эттиришни билдирди.
Шерзод ИСМАИЛОВ,
Ташкилий ишлар бўлими мудири