ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

СЕРГЕЛИ МЕТРО ЛИНИЯСИ ҚУРИЛИШИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТГАН МУТАХАССИСЛАР КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ ТОМОНИДАН МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ
28.12.2020

28 декабрь куни Сергели ер усти метро линиясининг штабида ушбу йўналиш бунёдкорлик ишларида фаол қатнашган мутахассислар ва қурувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.       

Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. Х.Хасилов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ҳамда Акциядорлик жамиятининг бош менежери-бош муҳандиси в.б.З.Махаматов ва қурилиш ишларида фаол иштирок этган юз нафар ишчи-ходим иштирок этди.

Дастлаб Х.Хасилов темирйўлчиларни ушбу бунёдкорлик ишларини муваффақиятли якунлангани билан табриклаб, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан ишониб топширилган йирик лойиҳа сифатли ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган ҳолатда бунёд этилганини мамнуният билан тилга олди. Бунда темирйўлчиларнинг, шу соҳада фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг меҳнати катта эканлигини эътироф этди. – Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳамда аҳолига транспорт йўналишида янада қулайлик яратиш учун ҳали олдимизда муҳим бунёдкорлик ишларининг ижроси бор, – деди Х.Хасилов. – Тошкент ер усти ҳалқа метро йўналишини давом эттириш ҳамда Хоразмда Амударё устидан ўтаётган йирик қўшма кўприк қурилишини ҳам бугунгидек сифатли, муваффақиятли ва белгиланган муддатда амалга ошириш каби лойиҳа ишлари мавжуд. Бу ишларни ишончли уддалашда сиз каби ўз касбининг фидойи ва матонатли соҳа ходимлари билан биргаликда амалга оширишимизга ишонамиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, юртимиз транспорт тизими тараққиётига бағишлаган меҳнатингиз, касбга бўлган садоқат ва фидойилигингиз доимо қадрланади ва ўз вақтида рағбатлантирилади.   

Тадбирда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг бош менежери-бош муҳандиси в.б. З.Махаматов ҳам темирйўлчилар томонидан Сергели ер усти метро линиясида қурилиш ишлари сифатли тугатилиб, Янги йил арафасида халқимизга муносиб совға бўлганини эътироф этди. Ушбу кўркам ва замонавий транспорт тизими асрлар давомида фарзандларимизга, келажак авлодларимиз учун муҳим транспорт тизими сифатида хизмат қилиши ва бунда янги линияни қурилишида фаол иштирок этган соҳа ходимларининг номи ҳар доим эътироф этилиши айтиб ўтишди.    

Тақдирлаш маросимида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан темирйўлчиларнинг ҳалол, фидойи ва матонатли меҳнати доимо қадрланиши ва ўз вақтида муносиб рағбатлантирилиши ҳамда бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган объектларда уларга барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани, хусусан, хавфсизлиги, озиқ-овқат ва яшаш жойи эътиборда бўлаётгани мамнуният билан таъкидланиб, замонавий техникалар ва сифатли қурилиш махсулотлари ўз вақтида етказиб турилгани эътироф этилди.

Шундан сўнг Сергели ер усти метро линиясида фаол иштирок этган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг энергетиклари, йўлсозлари, алоқа ва сигналлаштириш тизими ходимлари ҳамда “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассисларидан иборат жами 100 нафар ходимга Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллион сўмдан мукофот пули берилиб, рағбатлантирилди.

392
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна