“Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасида узел раҳбарияти ҳамда Марказий касаба уюшма кутубхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Узел ва тасарруфидаги корхоналарда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар, ёшлар иштирок этган тадбир аввалида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати томонидан Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб тайёрланган видео ролик намойиш этилди. Шундан сўнг тадбир меҳмони Тошкент шаҳар Миробод тумани Мудофаа вазирлиги фаҳрийлар кенгаши раиси, заҳирадаги полковник, қатор орден ва медаллар соҳиби Ҳусан Зуфаров сўзга чиқиб, ёшларнинг ўз танлаган мутахассисликлари бўйича пухта билим олиб, келажакда етук мутахассис бўлиб етишиши учун бугун юртимизда барча имкониятлар яратилганини айтиб ўтди. Айниқса, келажак авлодларни она Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларида тарбиялаш, уларни миллий истиқлол ғояларига чуқур ҳурмат руҳида камол топтириш бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мезони бўлаётганини мамнуният билан тилга олди. Шундан сўнг у ўзининг ҳарбий фаолияти ҳақидаги қизиқарли ҳаёт йўлларини темирйўлчиларга гапириб берди. Тадбирда сўзга чиққанлар инсоннинг ўз Ватани олдидаги муқаддас бурчлари, ҳарбийлик касбининг машаққати-ю, муваффақиятлари хусусида сўз юритишди.