ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

ҒАЗАЛ МУЛКИНИНГ ТАВАЛЛУДИГА БАҒИШЛАНГАН ГУЛДАСТАЛАР
09.02.2021

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрда ПҚ-4865-сонли қарори қабул қилинди.

Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ҳамда насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси, латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.

Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда шунингдек, хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Бу йил ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси в.б. Х.Хасиловнинг 2021 йил 15-январдаги 49-Н сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда касаба уюшмалари билан хамкорликда илмий анжуманлар ўтказилди.

“Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ да касаба уюшмаси раиси, Ёшлар иттифоқи етакчиси ҳамда маърифат ва маънавият услубшуноси томонидан ғазалхонлик кечалари ва давра сухбатлари ташкил этилди. Заводнинг иқтидорли ёшлари А.Навоийнинг энг чиройли ғазалларидан ўқиб сахна кўринишларини намойиш қилишди. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимизнинг хаёти ва ижодига бағишланган видеролик йиғилганлар эътиборига хавола қилинди.

“Тошкент механика заводи” АЖ да “Ўзбек адабиёти тарихи ва тараққиётида Алишер Навоийнинг тутган ўрни” мавзусида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори К.Муллаходжаева, касаба уюшмаси раиси, ёшлар етакчиси ҳамда маърифат ва маънавият бўйича маъсул ходим ва корхона ходимлари иштирокида давра сухбати ташкил этилди. Унда Алишер Навоий бутун умри давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштиргани, у мамлакат хаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта хисса қўшгани; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилгани; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилгани ҳақида сўз юритилди.

Термиз минтақавий темир йўл узели касаба уюшма худудий қўмитаси томонидан Алишер Навоийи таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Узелдаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ишчи ходимлар қолаверса уларнинг фарзандлари иштирокида Темирйўлчилар маданият саройида учрашув кечаси ташкиллаштирилди. Тадбирда Навоийининг ғазаллари ва асарларидан намуналар келтирилди.






“Навоий ворислари” шеър ва ғазалхонлик кўрик-танлови Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 11 та жамоаси иштирокида ўтказилди. Улар тадбирда А.Навоий ижодидан шеър ва ғазалларини энг кўп ёд олиш ва уларни ифодали ўқиш, ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаш ҳамда сахна кўринишлари билан ўз истеъдот ва маҳоратларини юксак даражасида намоён этишди. Қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтказилган танлов натижаларига кўра, 1-ўринни Бухоро йўл хизмат устахонаси, 2-ўринни Бухоро электр билан таъминлаш масофаси ҳамда 3-ўринни Самарқанд темир йўл техникуми вакиллари эгаллашди. Кўрик-танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилари Бухоро МТУ УК раҳбарияти ҳамда Ҳудудий касаба уюшма қўмитаси томонидан қимматбаҳо совғалари билан муносиб тақдирланди.


Қарши шаҳридаги “Темирйўлчилар маданият саройи” да буюк мутафаккирга бағишлаб кўргазма ташкил этилди.


416
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна