2020 йилнинг пандемия даврида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши фаолияти янада жадаллашди.
Тармоқнинг ўтган йилги фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими ўз фаолиятини Республика Кенгаши Раёсатининг қарорлари билан тасдиқланган ҳамда 2020 йилнинг иш режаси асосида соҳа ходимларини ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратди.
Республика Кенгаши тизимидаги қуйи касаба уюшма ташкилотлари томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Дастурининг бажарилиши бўйича 2020 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда қуйидаги ишлар амалга оширилди. Дастлаб 12036 нафар пенсия ёшидаги шходимларга нафақага чиқишидан олдин моддий рағбатлантирилиб, уларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Нафақадаги ходимларга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди. Ходимларга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топширилди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва парваришга мухтож кишилар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га байрам арафасида шунингдек, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга, кам таъминланган ёш оилаларга моддий ёрдам берилди. Тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилинди. Корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш жорий этилиб, иш берувчи томонидан керакли маблағ сарфланди.
Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари тўлови қисман амалга оширилди. Ёш оилаларга уй-жой қуриш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган маҳсулотларни харид қилиш ва ҳарбий хизматга чақирилган ёшларга фоизсиз судалар ажратилди.
2020 йилда жами юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирларни амалга оширишга иш берувчи маблағларидан жами 2 миллиард 170 миллион 675 минг сўм маблағ сарфланган.
Шунингдек, йил давомида ёлғиз кексалар, ногиронлар, пенсионерлар, кам таъминланган оилалар вакилларига байрам кунлари озиқ-овқат тўпламлари, пул мукофотлари берилди. Соғлиқларини тиклаш учун дори-дармонлар харид қилиш, санатория ва дам олиш уйларига йўлланмалар берилиб, тиббиёт муассасаларига ётқизиш учун пул маблағлари ажратилди. Кам таъминланган оилалар вакилларининг уй-жойлари таъмирланди. Юртимизнинг муқаддас жойлари ва зиёратгоҳларига экскурсиялар ташкиллаштирилиб, иш берувчи ва касаба уюшма маблағларидан жами 51 миллион 670 минг сўм маблағ сарфланди.
Республика Кенгашининг ижроия қўмита мажлисида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ҳамда уларнинг иш жойларида қўнимлилиги юзасидан жамоатчилик назоратининг олиб борилиши аҳволи тўғрисида ва чора-тадбирларини амалда қўллаш бўйича тавсиялар ҳамда топшириқлар тайёрланиб, бажариш учун қуйи ташкилотларга юборилиди.
Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг тизимидаги касаба уюшма ташкилотларида жамоа шартномалари ва келишувлари воситасида ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклик орқали фуқароларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ касаба уюшмаси органлари ва фаоллари томонидан жамоатчилик назорати тартибида янги ташкил этилган иш ўринлари ҳаққонийлигини, коллеж битирувчиларининг иш ўринларида қўнимлилигини ўрганиш бўйича ҳудудий, бирлашган ва бошланғич касаба уюшмалари томонидан, аниқ чора-тадбирлар режалари асосида, жамоатчилик мониторинглари олиб борилмоқда.
Будан ташқари Федерация Кенгаши томонидан келган топшириқлар, корхона, ташкилот, муассасалар шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслардан келган жами 80 дан ортиқ мурожаатлар ва аризалар кўриб чиқилиб, ўз вақтида ижроси таъминланди ва жавоб хатлари юборилди.