8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Тошкент”, “Қўқон”, “Бухоро”, “Термиз”, “Қарши” ҳамда “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхоналарида касаба уюшма ҳудудий қўмиталари томонидан тизимда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида “Аёллар спартакиадаси” мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Локомотив” марказий жисмоний спорт клубида ҳам ташкил этилди. Жамият тизимидаги ўндан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 100 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этган мусобақада спортнинг 7 та тури бўйича баҳс олиб боришди. Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 2 декабрдаги “Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришга кўмаклашиш тўғрисида”ги қарорида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Мусобақада “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги завод ва корхоналар ҳамда “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг муассасаларидан иборат 20 га яқин ташкилот хотин-қизлари иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, спаркатиадада 1-босқич ғолиблари қатнашаётган бўлиб, улар дастлаб ўз корхоналарида ҳамда барча “Минтақавий темир йўл узели” Унитар корхоналари босқичларида 1-ўринни эгаллашган. Бу мусобақа эса 2-босқич бўлиб, иштирокчилар стол тенниси, волейбол, шашка, шахмат, стритбол, енгил атлетика ҳамда дартс турлари бўйича баҳслашишди.
Спартакиаданинг барча босқичлари якунлари бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланди. Унга кўра 1-ўринни “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти жамоаси, 2-ўринни Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоаси, 3-ўринни эса “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси жамоаси қўлга киритди. Шунингдек, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш иштирокчи” номинацияларида ҳам ғолиблар аниқланди.
Тадбир якунида барча ғолиблар ва иштирокчилар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан таъсис этилган қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланишди.