“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларининг биргаликда кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаев, бошқарув раиси в.б. Х.Хасилов, Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ва масъул ходимлар, корхона, марказ, муассаса, ташкилот, бошқармалар раҳбарлари ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ва Кенгаш аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров сўзга чиқиб, аввало Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида илгари сурилган бир қатор муҳим таклиф ҳамда ташаббусларга тўхталди. Касаба уюшмалари хаётидаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан таништирар экан, ўтган йилнинг муҳим воқеаси Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Республикамизда 11 ноябрь санасини касаба уюшмалари куни деб белгилангани алоҳида мамнуният билан айтиб ўтди.
Шундан сўнг, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви ва Республика Кенгаши ўртасида 2018-2020 йиллар учун тузилган тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2020 йил давомида бажарилиши, корхоналарда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши, ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитларини янада яхшилаш ҳамда уларни махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Шу кунгача Тармоқ бўйича битта келишув, 94 та жамоа шартномаси тузилган бўлиб, улар орқали 91 минг 889 нафар касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари қамраб олинганини таъкидлади.
Акциядорлик жамияти корхоналарида иш берувчилар ва касаба уюшма ташкилотлари ижтимоий шериклик тамойилларига асосланган ҳолда, елкама-елка туриб самарали иш олиб боришларига ҳамда олдинда турган барча улуғвор вазифаларнинг бажарилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдирди.
Йиғилишда акциядорлик жамияти бошқарув раиси в.б. Х.Хасилов ҳам сўзга чиқиб, 2020 йил давомида тармоқ келишуви мажбуриятларини бажарилиши ҳамда темирйўл тизимида олиб борилган ишлар тўғрисида маъруза қилди. Йиғилганларга рақамлар орқали пандемия даврида темир йўл тизимида бажарилган ишлар билан таништирди.
Республика Кенгаши раиси ўринбосари М.Розиметов “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2021-2023 йиллар учун тузиладиган Тармоқ келишувига бир нечта ўзгартиришлар ва янги бандлар киритилгани тўғрисида сўзлади. Яъни, “Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисида Низом”га биноан вахта услубидаги иш учун устамалар тўлаш, шу жумладан, биринчи марта қонуний никоҳдан ўтган ходимларга иш ҳақи сақланадиган уч иш кунидан иборат қўшимча таътил бериш билан бирга моддий томондан кўмаклашиш, яқин қариндошлари (отаси, онаси, турмуш ўртоғининг ота-онаси, эри, хотини, болалари, ака-ука, опа-синглиси) вафоти ва дафн этилиши муносабати билан ходимга ҳақ тўланадиган уч кунлик таътил ташкил этиш, биринчи марта сил (туберкулёз), жигар циррози, онкологик касалликлар билан касалланган ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш кераклиги, 10 йил дан кам бўлмаган узлуксиз иш стажига эга бўлиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бўлинмаларидан пенсияга кетган ва 60, 70, 80, 90 ва 100 йиллик юбилей санасига етган барча пенсионерларга Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баробарида моддий ёрдам кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонининг ижросини таъминлаш кабилардир.
Тадбир сўнггида сўз олган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаев акциядорлик жамияти бошқаруви ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2021-2023 йиллар учун тузиладиган Тармоқ келишувига муносиб бахо бериб, ўзининг зарурий маслахатларини берди.
Йиғилиш сўнггида 2021-2023 йиллар учун тузилган Тармоқ келишуви жамият раиси в.б. Х.Хасилов ҳамда Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров томонидан имзоланди.