8 март–Хотин-қизлар байрами муносабати билан республикамиз вазирлик ва идоралари томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юртимиз тараққиёти йўлида муносиб меҳнат қилаётган, жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган фидойи хотин-қизлар тақдирланди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти томонидан тармоқнинг барча ҳудудларидаги темир йўл корхоналарида фаолият кўрсатаётган 105 нафар энг илғор, меҳнаткаш ва фидойи опа-сингилларимиз тақдирланди. Шулардан 50 нафардан ортиғи Тошкент шаҳри ҳудудидаги тармоқ корхоналари ҳиссасига тўғри келади.
5 март куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида байрам муносабати Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган бошқарма ва ҳудудлардаги темир йўл корхоналарида меҳнат қилаётган энг фаол темирйўлчи хотин-қизларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унга Жамият ва тасарруфидаги корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда ўқув ва тиббиёт масканларида турли лавозимларда, касбларда фидойилик билан меҳнат қилаётган хотин-қизлар таклиф этилди. Байрам тадбирида дастлаб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Мансур Ражабов темирйўлчиларни ушбу байрам билан самимий табриклаб, соғлиқ, саломатлик ҳамда оилавий бахт тилади. Қарийб бир йил давом этган пандемия даврида темир йўлларимизнинг асосий бўғинларини барқарор фаолият кўрсатишида эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилиб, ўзларининг касбга бўлган садоқатларини кўрсатишганини мамнуният билан айтиб ўтди.
Шундан сўнг тадбирда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров сўзга чиқиб, мамлакатимиз темир йўл транспортини йил сайин тараққий этишида касбининг фидойи эгалари бўлган темирйўлчи хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёслигини эътироф этди.
– Темир йўл соҳасида амалга оширилаётган бунёдкорликлар, ривожланиш босқичларида соҳада фаолият олиб бораётган 16 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг муносиб ўрни бор, – деди Қ.Сабиров. – Сизларга оилавий бахт-саодат, иш фаолиятингизда катта муваффақият ва сиҳат-саломатлик тилаймиз. Келгусида ҳар бирингизга давлат мукофотларини ҳам олиш насиб этсин.
Тақдирланганлар орасида “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонасининг бўлим бошлиғи Элзара Асатуллаева ҳам бор. У ушбу байрам муносабати билан илк бор Жамият раҳбарияти томонидан тақдирланди.
– Бугун жуда бахтиёрман, – дейди Элзара Асатуллаева. – Хурсандчилигим боиси моддий рағбатда эмас, балки раҳбарият камтарона меҳнатимни муносиб эътироф этганида. Ушбу рағбат нафақат менга, балки жамоамга, корхонамиз томонидан темир йўл тизимида амалга оширилган ишларга берилган рағбат деб биламан. Камтарона меҳнатимиз раҳбариятимиз томонидан юксак баҳоланиши ҳар биримизни темир йўл тараққиёти учун янада ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Темир йўл соҳасидаги фаолиятим давомида амалга оширган ишларимиз бизнинг умримиз бекорга ўтмаётганини изоҳлайди.
Байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти томонидан тармоқ корхоналарида фаолият кўрсатаётган энг фаол хотин-қизларга 1 миллион сўмдан пул мукофоти берилди ҳамда уларнинг ҳар бирига “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. Х.Хасиловнинг байрам табриги ёзилган таклифномалар эсдалик учун берилди.
Шунингдек, барча минтақавий темир йўл узели унитар корхоналарида, ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган фаол аёллар жойларда Республика Кенгашининг ҳамда бошланғич касаба уюшмаларининг муносиб рағбатлантирувчи совғалари билан тақдирланишди. Байрам муносабати билан нафақадаги темирйўлчиларга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.