9 май – Ғалаба кунига Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилганига 22 йил тўлди. Бундай ном олган бу сана аллақачон юртимизда умумхалқ байрамига, ҳақиқий анъанага айланиб қолган. Нега деганда, хотира ва қадрлаш тушунчалари асл миллий қадриятларимизга жавоб бериб, ота-боболаримиздан қолган ҳам диний, ҳам инсоний урф-одатимиздир.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасиловнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги буйруғига кўра темир йўл соҳасида фаолият кўрсатган 5 нафар Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиларининг ҳар бирига 10 миллион сўмдан, 71 нафар фронт ортида меҳнат қилган фахрий темирйўлчиларга эса 5 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар берилди.
Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ. Сабиров бошчилигида акциядорлик жамияти раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ҳамда бошқа мутасаддилар билан биргаликда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 5 нафар темир йўл тизимида фаолият кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт ортида меҳнат қилган темирйўлчилар ҳолидан хабар олиниб, байрам билан қутланди.
Хусусан, 93 ёшни қаршилаган фахрий темирйўлчи Абдугафур Жалилов отанинг хонадонига ташриф буюрилиб, унга Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раси вазифасини бажарувчи Х.Хасиловнинг эъзгу тилаклар ёзилган ташаккурнома, 5 миллион сўм пул мукофоти ҳамда 43 диаметрлик “Artel” телевизори ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совға тақдим этилди. Абдугафур отага соғлик тилаб уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканликларини билдириб, тизимдаги дам олиш оромгоҳлари, санаториялар, шифо масканлари эшиклари уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганлар учун ҳар доим очиқ эканлигини эслатиб ўтишди.
Шундан сўнг худди шундай совға саломлар билан фронт орти қатнашчиси, 91 ёшлик Габдулхак Салахов, 91 ёшлик Самар Кличев, 92 ёшлик Пелагея Подгорнова ҳамда 97 ёшни қарши олган Антонина Проскудина хонадонларида бўлишди.
Нафақат байрам кунлари балки, доимо муҳтарам фахрийларимизни хурсандчилиги ва изтиробларини эшитиб уларни ҳолидан хабар олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.