ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

ОРОМГОҲЛАРДА МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК ЯКУНЛАНМОҚДА
21.05.2021

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбариятининг жорий йил 17 февралдаги 169-Н сонли буйруғига кўра темирйўлчилар фарзандларини 2021 йил ёз мавсумида соғломлаштириш оромгоҳларида дам олишини самарали ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишни таъминлаш мақсадида тармоқ оромгоҳларида мавсумга тайёргарлик ишлари якунланмоқда.

2021 йил ёз фаслида болалар соғломлаштириш оромгоҳларини тайёрлаш, мавсумни юқори савияда уюшқоқлик билан ўтказилишини ташкил этиш юзасидан тасарруфида болалар оромгоҳи бўлган минтақавий темир йўл узеллари ҳамда корхоналар бошлиқларига жорий йилнинг 1 майига қадар соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга ҳар томонлама тайёрлаш, оромгоҳлар мавсум давомида тўлақонли фаолият юритишлари учун зарур бўлган муҳандислик-коммуникация тизимининг созлигини текшириш, таъмирлаш, ошхона ва озиқ-овқат, асбоб-анжомлар ҳамда хизмат кўрсатувчи авто ва алоқа техникалари билан таъминлаш ишлари юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўриш топшириғи берилган эди.

 

Болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олишини таъминлаш бўйича Республика доимий комиссияси томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти учун ўрнатилган болаларни соғломлаштириш режасини бажариш мақсадида тасарруфдаги барча оромгоҳлар яъни “Қибрай”, “Бурчи-мулло”, “Дўстлик”, “Янги авлод”, “Темирйўлчи”, “Аловиддин” оромгоҳлари ҳамда “Қўнғирот”профилакторияси 3, 4 ва 5 навбатда фаолият юритиши ҳамда уларда болаларни соғломлаштириш муддатини битта навбатда 12 кун қилиб белгилаш вазифалари юклатилди. Ушбу оромгоҳларда бу йил 7 минг нафар болажонларнинг соғломлаштирилиши режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш хизмати томонидан оромгоҳларнинг ҳудудлар ва сменалар кесимида тиббий ходимларга бўлган эҳтиёжини аниқлаб, оромгоҳларга хизмат кўрсатадиган малакали ва етарли тажрибага эга бўлган шифокорлар билан таъминлаб, болалар оромгоҳлари ходимларини тиббий кўрикдан бепул ўтказилиши ташкил этилади. Ёз мавсуми давомида оромгоҳларнинг санитария-гигиена ҳолати ўрнатилган меъёрларга мос бўлиши ҳамда уларни тоза ичимлик суви ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишини доимий назорат остига олинади.

 
Ёзги мавсум даврида оромгоҳларда алоқа воситасини (телефон) узлуксиз ишлашини таъминлаб, узоқда, бориш қийин бўлган жойларда жойлашган ва алоқа воситасига эга бўлмаган оромгоҳларни зарур алоқа воситалари (телефон, рация ва радио алоқа) билан, зарур ҳолларда уяли телефон билан МТУ корхоналари бошлиқлари томонидан таъминланиши топширилди.
“Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси ишчи таъминот бўлими томонидан марказлашган тартибда болалар оромгоҳларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз вақтида ва етарли миқдорда таъминлаш ишларини ташкил қилиниши, мавсум бошлангунга қадар оромгоҳларнинг аниқ хисоб-китобига мувофиқ тегишли шартномалар имзоланиши амалга оширилиши белгиланди.
Меҳнат муҳофазаси, техника ва саноат хавфсизлиги бошқармаси, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ҳамда касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда оромгоҳ ходимлари томонидан меҳнат муҳофазаси, ёнғин ва техника хавфсизлиги талаблари бажарилишини мунтазам назорат қилиб борилиши юклатилди.
 “Локомотив” марказий жисмоний спорт клуби болалар соғломлаштириш оромгоҳларида тасдиқланган график асосида болаларнинг ҳаёти, соғлиғини мустаҳкамлаш, жисмоний ривожланиши ва тайёргарлик даражасини ошириш, улар билан мавсум давомида болаларнинг ёши ва спорт турининг ўзига хос хусусиятлари асосида мусобақалар ва бошқа тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш вазифаси топширилди.
Темирйўлчилар маданият саройи болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг ҳар навбатида турли мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, болалар ёшига ва тафаккурига мос келадиган концерт томошаларини ўтказиш ишларини ташкил этиши режалаштирилди.
Ёз давомида болажонларимизнинг мазмунли дам олишлари ҳамда саломатликларини тиклашларида оромгоҳлардаги тайёргарлик ишларининг қай даражада олиб борилганига боғлиқ. Шу боис мутахассисларимиз темирйўлчи фарзандларининг тармоқ оромгоҳларида мароқ билан хордиқ чиқаришлари учун барча зарур чораларни кўришмоқда.  
Режага кўра жорий йилнинг 1 июнига қадар оромгоҳлар фарзандларимизнинг мароқ билан дам олишлари учун шай ҳолатга келтирилиши зарур.

Рустам ҲАЙДАРОВ

 


544
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна