Мамлакатимизда сўнгги йилларда сайёҳлик саноати субъектлари фаолияти учун қулай шароитлар яратилмоқда, соҳа равнақи йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиб, чет элликлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиблари, божхона назорати соддалаштириляпти. Тармоқнинг янги салоҳиятли турлари, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантиришга эътибор кучаймоқда.
Юртимизнинг бой тарихга эга бўлган Навоий вилоятидаги Нурота шаҳри географик жихатдан Ўзбекистоннинг марказида жойлашган бўлиб, у ўзига хос бой ва бетакрор табиати, зилол ҳамда муқаддас булоқлари билан машхур. Шу билан бирга шаҳарнинг тарихи ҳам узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Мана шундай мўъжиза ҳамда гўзалликлардан баҳраманд бўлиш мақсадида жорий йилнинг 28 май санасида Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси Ҳудудий касаба уюшма қўмитаси томонидан узелда узоқ йиллар фидокорона ва самарали меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган 45 нафар фахрийлар учун “Нурота” зиёратгоҳига саёҳат уюштирилди. Улар Нурота чашмасининг сирли жихатлари, булоқнинг шифобахш хусусиятлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш билан бирга муқаддас чашма сувидан кўплаб зиёратчилар ва чет элдан келган сайёҳлар ҳам олиб кетаётганликларига гувоҳ бўладилар.
“Нафақадаги ишчи-ходимларни рағбатлантириш уларга алоҳида эътибор қаратиш, маданий хордиқ чиқаришлари учун ана шундай саёҳатларни ташкил этиш бизнинг олий мақсадимиздир”,-дейди Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси Ҳудудий касаба уюшма қўмитаси раиси Муродулло Джумаев.
Саёҳатчилар бугунги кунга келиб обод қилинган, сайёҳлар ва юртдошларимизнинг қадами узилмаяпган Нурота чашмасидан олам-олам таъссуротлар билан қайтдилар.