“Қуюв-механика заводи” шўъба корхонасида “Темир йўл маликаси” кўрик-танлови ўтказилди.
Танловнинг асосий мақсади корхонада фаолият юритаётган ёш хотин-қизларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик, юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, касбий билимлари ва иқтидорларини юзага чиқариш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган.
Кўрик-танловнинг корхонада ўтказилган бу йилги саралаш босқичи ғолиблари бўлган 6 нафар иштирокчи ўзаро беллашди. Шартлар орқали қизларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати, гендер тенглик масалалари юзасидан билимлари синовдан ўтказилди. Зарур ҳолларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги билимлари қай даражада эканлиги тегишли шарт доирасида ўрганилди.
Кўрик-танловда иштирокчилар нафақат жамоада ўз ишининг устаси бўлиш, балки оилада аёлнинг ўрни қандай бўлиши, унинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти хусусидаги мавзулар бўйича ҳам беллашишди. Қизиқарли шартлар асосида ташкил этилган танлов якунида ғолиблар аниқланиб, корхона Касаба уюшма қўмитаси томонидан муносиб рағбатлантирилди, танлов ғолиблари якуний босқичда иштирок этиш имкониятини ҳам қўлга киритишди.