Бугун юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ва соғлом бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Буни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Қўқон минтақавий темир йўл узели УК тасарруфидаги “Темирйўлчи” болалар оромгоҳи мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Наманган вилояти, Поп тумани Чодак қишлоғидаги табиатнинг гўзаллиги, бахаво жойлари киши қалбига хушнудлик бағишлайди. “Темирйўлчи” болалар оромгоҳи ана шундай сўлим масканда жойлашган. Бу ерда болажонлар мазза қилиб дам олишлари, учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Айни пайтда “Темирйўлчи” оромгоҳида хордиқ чиқараётган 225 нафар ўғил-қизлар иқтидорини намойиш қилишлари учун амфитеатр, жисмоний ривожланишлари учун мини футбол, баскетбол, волейбол ва гимнастика майдонлари, теннис столлари, турли арғимчоқлар, катта ва кичик сув хавзалари ўз ишини бошлаган. Оромгоҳ ошхонасида болажонларга тўрт махал маззали таомлар ўз вақтида тортиқ қилинмоқда.
Юртимизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрувчи 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ташкиллаштирилган турли тўгараклар, маънавий - маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари болажонларни маънавиятини бойитади, соғлигини мустахкамлайди ва спортга бўлган қизиқишни янада кучайтиради. Оромгоҳ тарбиячи ва етакчилари томонидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Оромгоҳ гўзали”, “Сардор йигитлар”, “Қувноқ экспресс”, “Расмлар танлови” тадбирлар ҳамда “Тозалик куни”, “Театр кечаси”, “Миллатлар куни”, “Харбийлар куни” каби белгиланган кунлар ва “Ёш китобхон”, “Рақс”, “Рассомчилик”, “Футбол”, “Шахмат”, “Инглиз тили” каби тўгаракларга болажонларнинг қизиқишларига қараб жалб этилмоқда.
Оромгоҳдаги замонавий кутубхонада 800 дан ортиқ турли бадиий адабиётлар, эртак китоблар ва болалар адабиётлари мавжуд.