27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Ахборот – таҳлилий медиа маркази жамоасини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасилов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров иштирок этди ва журналистларни касб байрами билан қутлаб, бутун дунёда юз бераётган кескин глобаллашув шароитида, ахборот олиш воситалари ва манбалари тобора ривожланиб, замонавий қиёфа касб этаётган, “ахборот асри” деб юритилаётган айни даврда журналист касбининг масъулияти, машаққати, керак бўлса, жавобгарлиги ҳам тобора ошиб бораётганини айтиб ўтди.
– Оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган, – деди Х.Хасилов. – Айниқса, кейинги беш йил ичида жамиятимизнинг барча соҳаларидаги янгиланишлар ва изчил ислоҳотлар шароитида ОАВларнинг фаолиятида ҳам янгича ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Яъни бугун телевидение, радио, матбуот ва айниқса, интернет сайтлари нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳам дадил олиб чиқаётгани ислоҳотларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу маънода янги ташкил этилганига бор йўғи 2 йил бўлган Ахборот – таҳлилий медиа маркази жамоаси ҳам ёш ва иқтидорли мутахассислари билан йил сайин ривожланиб бормоқда, темир йўл тизимидаги ислоҳотлар тезкорлик ва ҳолислик билан оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган янгиликлар, бунёдкорлик ишларини Ўзбекистон телерадио каналларида, маҳаллий ва хорижий интернет нашрларида, ижтимоий тармоқларда ҳамда босма нашрларда юксак маҳорат билан ёритилишида Жамият тасарруфидаги Ахборот – таҳлилий медиа маркази жамоаси муносиб ҳисса қўшмоқда. Айниқса, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан марказ журналистларини темир йўл тизимидаги ролини янада кучайтириш, уларни касбий фаолиятини ҳимоя қилишга катта аҳамият қаратилмоқда. Бу эса журналистларнинг соҳада рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб, ҳар бир воқеаликни тезкорлик билан, ҳолис ёритишга замин яратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, темир йўл тизимида олиб борилаётган янгиликларни, бунёдкорликларни, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилаётган эътиборни тарғиб этадиган қалам аҳлининг Ўзбекистон темир йўллари тараққиётидаги улуши салмоқли, шарафли хизматлари эса самимий эҳтиромга лойиқдир.
Бу эса бўлиб ўтган тадбир давомида яна бир бор ўз исботини топди. Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан шу куни Ахборот – таҳлилий медиа маркази жамоасининг ҳар бирига 1 миллион сўмдан пул мукфоти берилди.
Яна бир гап: ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, темир йўл соҳасида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг зиммасидаги улкан ва заҳматли меҳнатнинг масъулияти бор. Бугун бу масъулиятни ҳис қилиб фаолият кўрсатаётган ҳамкасбларимизга байрам муборак бўлсин, деб қоламиз.