“Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонасида жисмоний тарбия ҳамда спортга давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни ривожлантириш, уларни спортга қизиқтириш, қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасидаги мақсадли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, турли мусобақалар ёшларнинг кайфиятини ошириб, иш самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
“Ёшлар куни” муносабати “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонасига бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамда Ёшлар етакчиси спорт тарғиботчиси ташаббуси билан спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Унда корхонага қарашли Фуқаро иншоотларни қуриш филиали Навоий-Бухоро электрлаштирилган тезюрар темир йўл участкасининг 2-йўл линияси қурилиши объектида ишлаётган ҳайдовчи, механизатор ва ишчилар иштирок этдилар. Мусобақада “Ғалаба”, “Шодлик”, “Шунқорлар” ва “Янги Ўзбекистон” жамоалари ўзаро беллашди.
Узоқ давом этган ўйин натижаларига кўра 1-ўринни “Янги Ўзбекистон”, 2-ўринни “Ғалаба”, 3-ўринни эса “Шунқорлар” жамоаси қўлга киритди.
Байрам муносабати билан ўтган мусобақа ғолибларига касаба уюшма қўмитасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.