Болажонларни ёз мавсумида мароқли дам олишлари ҳамда билимларини намоён қилишлари учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ га қарашли барча оромгоҳларда тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, улар жумласидан китоб мутоласи ва китобхонлик бўйича қизиқарли викториналар ҳам жой олган. Режанинг бу қисмига Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги Марказий касаба уюшма кутубхонасининг фидоий ходимлари бириктирилган бўлиб, улар навбатма-навбат оромгоҳларга ташриф буюришлари жараёнида, болажонларни вақтларини мазмунли ўтишига хисса қўшиш билан бирга, жажжи билимдонларга эсдалик учун китоб улашмоқдалар.
Жорий йилнинг 8-июль кунида кутубхона раҳбари Иномова Азиза режага кўра “Бурч-мулло” оромгоҳида бўлиб, китобсевар болажонлар ўртасида “Ёш китобхон-2021” шиори остида кўрик-танлов ўтказди.
Унда болажонлар турли халқларни эртаклари, шоирларни хаёти, ижоди ва машҳур асарлари, ўзбек халқ мақолларидан наъмуналар келтириб билимларини намоён қилдилар. Қизиқарли, бахс-мунозараларга бой ўтган танлов сўнгида, “Энг билимдон иштирокчи”, “Энг зукко иштирокчи” ва “Энг фаол иштирокчи” лар аниқланиб, улар Республика Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва китоблар билан такдирландилар.