Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юртимиздаги ҳар бир касб эъзозланиб, соҳа эгаларининг меҳнатларига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда қатор янги фармонлар имзоланиб, улар ижроси жойларда таъминмоқда. Айниқса, бундай ғамхўрлик касб байрамларида янада намоён бўлмоқда.
Фикримизга мисол тариқасида бу йил ҳам ўзининг август ойининг биринчи якшанбасида касб байрамини нишонлаган темирйўлчиларни айтиб ўтишимиз мумкин. Пандемия шароитидаги чекловларга қарамасдан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда тизимдаги барча касб эгаларига байрам кайфияти улашилди. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси в.б. Х.Хасиловнинг буйруғига кўра “Темирйўлчилар куни” касб байрами муносабати билан жамиятнинг барча корхона, ташкилот, бўлинмаларининг 2021 йил 1 август ҳолатига 1 йилдан кам бўлмаган узлуксиз темир йўл стажига эга ходимлари, шу жумладан жамият таркибидаги корхоналардан пенсияга чиқиб, ҳозирда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида фаолият юритаётган ходимлар, шунингдек касаба уюшмасининг озод қилинган ишчилари 200 000 ( икки юз минг) сўм миқдорида бир марталик мукофотландилар. Бундан ташқари Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бошчилигида бир қатор ишлар амалга оширилди. Темирйўлчилар касб байрами арафасида тизимдаги касаба уюшма қўмиталари томонидан ишчи-ходимларга “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонасидан гўшт ва “Темир йўл обод” чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган комплекси томонидан тухум махсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, нафақахўр пенсионерлар йўқланиб, озиқ-овқат тўпламлари билан уйларига ташриф буюрилиб, улар ҳолидан хабар олинди. Фаол темирйўлчилар фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ёки пул мукофоти билан рағбатлантирилди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Республика Кенгаши тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларида ўзининг намунали меҳнати билан касаба уюшмаси аъзоларига ўрнак бўлаётган, ташаббускор ва ташкилотчи, жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган 100 нафар ходимлар ҳамда Республика Кенгаши ва тармоқ ташкилотларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган 50 нафар фаҳрийларга самимий тилаклар битилган байрам табрикномалари ҳамда 1 миллион сўмдан пул маблағлари етказилди.