Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 августдаги Фармонига асосан 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанба куни “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” деб эълон қилинди. Касб байрамини ўрнатишдан кўзланган мақсад, амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларни рағбатлантиришдир.
Ушбу сана муносабати билан жорий йилнинг 8 август куни Самарқанд шаҳрида “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонасига қарашли 1-кўприк отрядининг захматкаш ишчи-қурувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Абдуллаев сўзга чиқиб, бунёдкорлик ишларига ўзининг беминнат хиссасини қўшаётган, замонавий кўприклар, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ҳудудларда ижтимоий инфратузилма объектлари ва бошқа масканларни бунёд этаётган тизимдаги қурувчиларни байрам билан муборакбод этиб, барча самимий тилакларни билдирган ҳолда уларни келгусидаги ишларига омад тилади. Шунингдек тадбирда 15 нафар қурувчиларга корхона ва касаба уюшма қўмитаси томонидан қимматбахо совғалар тақдим қилинди. Байрам сабабчиларига дастурхон тузалиб шохона ош билан меҳмон қилинди.