Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан жорий йилнинг 23 август кунидан бошлаб хафта охирига қадар соҳа ходимлари учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳовлисида тармоқ мажмуаларида етиштирилган полиз ва озиқ-овқат маҳсулотларининг анъанавий савдо ярмаркаси ташкил этилди. Унда ишчи-ходимлар навбат асосида пандемия қоидаларига амал қилган ҳолда иштирок этиб, ўзларига керакли маҳсулотларни харид қилишмоқда.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Бошқарма касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган савдо ярмаркасида темирйўлчилар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси тасарруфидаги “Сардоба темир йўл агро саноат” мажмуаси, “Угом чотқол” давлат биосфера резервати, “Гулобод”, “Темирйўлобод” ҳамда “Наврўз” наслчилик мажмуаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги ҳамда полиз маҳсулотлари, чорвачилик ҳамда сут-қатиқ маҳсулотларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олишмоқда.
Ярмаркада шунингдек, бошқа хусусий тадбиркорлар ҳам озиқ-овқат ва бошқа етиштирган маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда.
Темирйўлчилар томонидан “Сардоба темир йўл агро саноат” мажмуаси ҳудудидаги 5 минг гектар ер майдонида ҳам чорвачилик, ҳам дехқончилик қилинади ва соҳа ходимлари учун гўшт ва сут маҳсулотлари, озиқ-овқат ҳамда полиз маҳсулотлари етиштирилади. Мазкур ярмаркада мажмуа ходимлари томонидан етиштирилган полиз махсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум, олма, олхўри, шафтоли, лимон, нок, каром, бодрин, помидор, пиёз, картошка, сабзи) ҳамда қўй гўшти темирйўлчиларга арзон нархларда таклиф этилмоқда.
Ярмаркада энг кўп харидоргир “Угом чотқол” давлат биосфера резервати жамоаси томонидан етиштирилган тоғ, чўл ҳамда пахта асали, асал қоришмалари, асалари уясидаги асаллар ҳамда қуруқ мевалар (аччиқ ва ширин бодом, ёнғоқ ва зирх (барбарис), кишмиш ҳамда ризамат туридаги узумларни харид қилишга талаб юқори бўлмоқда.