Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг Республика Кенгаши тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раёсатининг 2015 йил 31 мартдаги 21-53 “с” - сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2021 йил 7 майдаги 2-24 “с” - сонли “Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг Республика Кенгаши тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга асосан кўрик-танловининг 1-босқичида 148 та бошланғич касаба уюшмалари иштирок этди ва сараланган касаба уюшма ташкилотларининг ҳужжатлари танловнинг 2-босқичида иштирок этиш учун Республика Кенгашга тавсия этилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашига 28 та бошланғич ташкилотлардан тақдим этилган барча ҳужжатлар комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди ва “Энг намунали бошланғич ташкилот” лар эълон қилинди.
2021 йилнинг 15 сентябрь кунида кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида 254 баллни тўплаб, биринчи ўринни Тошкент минақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитаси тасарруфидаги “Марказий клиник касалхонаси” касаба уюшма қўмитаси эгаллади.
Иккинчи ўрин 251 балл билан Бухоро минтақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитаси тасарруфидаги “Бухоро минтақавий темир йўл узели” УК касаба уюшма ташкилотига насиб қилди.
237 баллни тўплаган “Қуюв механика заводи” ШК касаба уюшма ташкилоти учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Бундан ташқари аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида 194 балл тўплаб, Термиз минтақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитаси тасарруфидаги Сурхондарё юк ҳужжатларини қайта ишлаш технологик маркази касаба уюшма ташкилоти ғолиб бўлди.
“Ушбу кўрик танлов ҳар йил ўтказилиб келинади ва “Марказий клиник касалхонаси” касаба уюшма қўмитаси нафақат “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловида балки, Республика Кенгаши томонидан ўтказиладиган бошқа тадбирларда ҳам фаол иштирок этади”,- дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Юлдуз Хашимова. Лекин бугунги 1-ўринни - ғолибликни қўлга киритганимиз мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Умуман олганда, Марказий клиник касалхонасининг бутун жамоаси Республика Кенгашининг доимо эътиборида. Хусусан, ҳар йили Республика Кенгаши томонидан санаторий-профилакторияларда дам олишлари, фарзандларини соғломлаштиришлари учун болалар оромгоҳларига мунтазам йўлланмалар берилади. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ва ишчи-ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам пули ажратилди. Ана шундай рағбатларга яраша биз ҳам ўз меҳнатимиз билан муносиб жавоб беришимиз керак. Шундай экан, насиб этса, якуний 3-босқичда ҳам олий ўринларни олишга, бизга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
Ғолиблар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг Республика Кенгашининг диплом ва қимматбахо совғалари билан тақдирландилар.
Олий ўринларни эгаллаган ташкилотларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига юборилди. Навбатдаги совриндорлар 11 ноябрь “Касаба уюшмалари ходимлари куни” муносабати билан эълон қилинади.