Мамлакатимизда хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. Х.Хасилов тизимда давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан самарали ишларни олиб бормоқда.
“Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг Хоразм ҳудуди раҳбарияти ва Касаба уюшма қўмитаси мутахассислари ҳам юқори ташкилотлар буйруқ ва кўрсатмалари асосида ҳудудда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш чораларини кўришмоқда.
Яқинда тизимда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимлар учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат ташкил қилинди. Саёҳат давомида ҳамкасбларимиз Бухородаги Минораи калон, Лаби ҳовуз, Исмоил Сомоний мақбараси, Сетораи Моҳи хоса, Арк қалъаси каби тарихий обидаларни мароқ билан томоша қилиб, катта таассуротларга эга бўлдилар.
Шарқ гавҳари Самарқандда эса Регистон мажмуаси, Шоҳи Зинда, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий гўшаларни, биринчи президентимиз Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилдилар.
Саёҳат давомида ходимларнинг мароқли дам олишлари учун маданий-маърифий дастурлар намойиш қилинди. Бухоро ва Самарқанднинг моҳир ошпазлари тайёрлаган миллий таомлар ҳам барчага манзур бўлди.
Темирйўлчилар саёҳатдан катта таассурот, куч-қувват, маънавий озуқа олганликларини эътироф этиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.