9-10-октабрь кунлари “Хўжакент” дам олиш масканида Соғлиқни сақлаш хизмати раҳбарияти, ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамкорлигида Соғлиқни сақлаш хизмати тизимидаги тиббиёт муассасалари ўртасида спортнинг футзал тури бўйича “Соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи кубоги-2021” мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 30-октабрдаги ПФ-6099-сонли “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти Соғлиқни сақлаш хизматининг “2021 йил ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ташкил этилган спорт тадбири 2 кун мобайнида “Хўжакент” дам олиш масканининг спорт залида жами 12 та жамоа иштирокида бўлиб ўтди.
Иштирокчи жамоалар мусобақага кучли тайёргарлик кўриб келганини ўйинлар шиддатли ва муросасиз кечганидан англаш қийин бўлмади. Якунда 1-ўринни Қўқон темирйўл шифохонаси жамоаси, 2-ўринни Марказий санитария-эпидемиология станцияси жамоаси ва 3-ўринни Самарқанд темир йўл шифохонаси жамоаси қўлга киритди. Соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи томонидан 3-ўринни олган жамоага бронза медаллари ва қимматбаҳо совғалар, 2-ўринни қўлга киритган жамоага кумуш медаллар ва қимматбаҳо совғалар ҳамда мусобақа чемпионларига олтин медаллар, қимматбаҳо совғалар ва рамзий кубок топширилди.
Мусобақа иштирокчилари 2 кун мобайнида барча қулайликларга эга хоналар ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш хизмати раҳбарияти мазкур мусобақани юқори савияда ва уюшқоқлик билан ташкил этилишида фаол ёрдам кўрсатганлиги учун Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашига ўз миннатдорчилигини билдирди.