Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сон қарорига асосан, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг ўрнини янада ошириш мақсадида ҳар йил октябрь ойининг биринчи ҳафтасида юртимиз миқёсида “Кексалар ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги тегишли мажлис баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхоналарида ҳам “Кексалар ҳафталиги” тадбирлари самарали ўтказилди.
– Хонадонларимиз файзи ва барчамизнинг ҳаётимизда катта ўрин тутувчи кексаларга ҳурмат кўрсатиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган ушбу ҳафталик доирасида темир йўл корхоналарида қатор маънавий-маърифий, спорт, ободонлаштириш ва хайрия тадбирлари ўтказилди, – дейди Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Махмуд Розиметов. – Хусусан, “Касбим-фахрим” мавзусида меҳнат жамоаларида кекса авлод вакиллари, меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, маданий тадбирлар ташкил этилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб пенсияга чиққан кекса ва фахрийларга табриклар йўлланиб, уйларига ташриф буюриб уларнинг ҳолидан хабар олинди.
Кексаларни, меҳнат фахрийларини республикамизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда диққатга сазовор жойларига саёҳатини ташкил этиш таъминланди.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти ташаббуси билан тармоқ корхоналарида узоқ йиллар фаолият кўрсатган нафақадаги темирйўлчилар учун спортнинг шашка, шахмат турлари бўйича мусобақалар, пиёда юриш марафонлари уюштирилди. Меҳнат фахрийларининг маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида жойлардаги театр, концерт ва музейларга ташрифи ташкил этилди. Шунингдек, тарихий шаҳарларимизга саёҳат қилишди. Жорий йилнинг4,5,6-октябрь кунлари 40 нафарга яқин нафақадаги темирйўлчилар учун Тошкент – Урганч – Хива – Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди бўйлаб туристик сайёҳати ташкил этилди. Саёҳат давомида кекса темирйўлчиларга ҳар томонлама сифатли хизмат кўрсатилиб, Урганч ва Хива шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларга ташриф буюришлари таъминланди.
Юртимиздаги барча темир йўл корхоналарида кекса темирйўлчилар учун маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, хайрия тадбирлари, жумладан, нуроний ва ёшлар ўртасида шахмат-шашка бўйича “Ақл чархи” турнири, волейбол, мини-футбол, стол тенниси ва бошқа спорт мусобақалари ўтказилди.