Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 11 ноябрда бўлиб ўтган VIII-Қурултойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатнашчиларга йўллаган табригида 11 ноябрь санасини касаба уюшмалари куни этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи билдирилди. Унга кўра, 2020 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Жорий йил ноябрь ойининг 1-санасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди ва уни Федерация кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди. Йиғилиш кун тартибида бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Улардан энг муҳими эришган натижалари, фидокорона хизматларига кўра турли номинациялар билан бир қаторда “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорлари бўлиб, улар бир овоздан маъқулланиб қабул қилинди. Энг асосийси йиғилганларга кўтаринки руҳ бағишлаш мақсадида тадбир якунида ана шу мукофот билан ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлган бир гуруҳ касаба уюшма рахбарларини шахсан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов тақдирлади. Улар қаторида биринчилардан Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров ҳамда раис ўринбосари Махмуд Розиметовлар ҳам сазовор бўлдилар. Худди шундай байрамона тадбир Республика Кенгаши раиси хузурида ҳам давом этди. Унда Қутлимурат Сабирович жамоа аъзоларини илк бор нишонланаётган ушбу байрам билан қутлаб энг самимий тилакларни билдирар экан, темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси ходимларининг хизматлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ҳам алоҳида эътироф этилиши, шу сабабли жамоанинг барча аъзолари ушбу мукофотга лойиқ деб топилганини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг жамоа аъзоларига “Касаба уюшмалари куни” муносабати билан кўкрак нишонини тантанали тарзда топширди.