Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги Марказий касаба уюшма кутубхонасида мазкур кутубхона ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари, “Сиҳатгоҳ” санаторий-профилакторий раҳбари Т.Матибаев, Марказий касаба уюшма кутубхонасининг ҳудудлардаги филиаллари раҳбарлари ҳамда китоб ихлосмандлари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Марказий касаба уюшма кутубхонасининг 70 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар ва китобхонларга кўрсатилган хизматлар ҳақида сўзлаб беришди. Мазкур кутубхона 70 йилдан буён одамларга, айниқса, темирйўлчиларга китоб мутолааси учун хизмат қилиб келмоқда. Кутубхона 1951 йилда Ўрта Осиё темир йўлининг Темирйўлчилар маданият саройида ташкил этилган. Кутубхона штатида 8 киши меҳнат қилган. Ўша пайтда кутубхона фаолиятининг асосий йўналишлари темир йўл ишчилари ва уларнинг оилаларига хизмат кўрсатиш эди. Китобхонларнинг асосий қисмини “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ҳамда тизимга қарашли ташкилотларнинг ишчилари ва хизматчилари ташкил этарди. Ўша кезларда ҳам кутубхонада адабий кечалар, Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари билан учрашувлар, турли мавзуларда маърузалар ўтказилган.
Тадбирда “Энг яхши кутубхона” танлови ташкил этилиб, ғолиблар ҳакамлар ёрдамида аниқланди. Унга кўра, 1-ўринни “Термиз” станцияси кутубхонаси, 2-ўринни “Қарши” станцияси кутубхонаси ҳамда 3-ўринни “Қўнғирот” санаторий-профилакторий кутубхонаси эгаллади.
Ғолиб ва иштирокчилар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, Тошкент шаҳри бўйлаб саёхат қилдилар.