Ҳурматли касаба уюшмаси фидоийлари!
Сизларни Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши девони ходимлари ва шахсан ўз номимдан юртимизда илк маротаба нишонланаётган “Касаба уюшмалари куни” билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Маълумки, 2020 йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтган эди. Шу куни Мустақил Ўзбекистон тарихида Давлат раҳбари Ш.Мирзиёев касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига илк маротаба табрик йўллаб, унда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб Республикамизда 11 ноябрь санасини касаба уюшмалари куни деб белгилаш таклифини билдирди. Хеч шубхасиз юртбошимизнинг самимий, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини Ватан равнақи йўлида катта шижоат билан улкан ишларга чорловчи сўзлари барчамизнинг қалбимизга қувонч, ишимизга янада куч-қувват бағишлади.
Бугун халқимизнинг бунёдкорлик руҳи ва яратувчанлик кайфияти, дунёқараши ҳам кечагидан бутунлай фарқ қилади. Қисқа даврида янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари шаклланди. Шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос такомиллаштирилиб, 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди.
Ана шундай ўзгаришларда Сиз азизларни-темирйўлчилар ва транспорт қурувчилар касаба уюшмаси ташкилотлари жонкуярларининг меҳнатлари алоҳида тахсинга лойиқ десак хеч қандай муболаға бўлмайди.
Сизларнинг сайъи-ҳаракатларингиз билан бугунги кунга келиб Республика Кенгаши аппаратида ва Республика Кенгашига аъзо ҳамда тасарруфидаги барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида Президентимиз ҳамда ҳукумат қарор ва фармонлари, касаба уюшма фаолиятининг Федерация Кенгаши томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларидан келиб чиқиб, иш юритиш, касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга доир ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, бандликка кўмаклашиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, шунингдек, иш ҳақларини ўз вақтида олишларини жамоатчилик асосида назорат қилиш борасида иш берувчилар билан бирга елкама-елка туриб бир қатор катта ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ишончим комилки, бундан кейин ҳам Ўзбекистонда янги Уйғониш даврига муносиб хисса қўшиб касаба уюшмасининг фаолияти доирасида ўзингизга билдирилган ишончни оқлаб, фаровон ҳаётни таъминлаш учун бор куч-ғайратингизни аямайсиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, узоқ умр, тилайман. Касаба уюшмасининг равнақи йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизда, олийжаноб ва масъулиятли аммо шарафли бўлган фаолиятингизда омад ёр бўлсин.
Сизга ҳурмат ва эҳтиром ила,
Ўзбекистон темирйўлчилари
ва транспорт қурувчилари касаба
уюшмаси Республика Кенгаши раиси
Қутлимурад Сабиров