АЗИЗ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ!
Ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган сиз, азизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимиздан самимий табриклаймиз.
Сизлар энг улуғ, энг шарафли касб эгалари сифатида чуқур ҳурмат ва эъзозга лойиқсизлар. Айниқса, бутун дунёда ҳукм сураётган ҳозирги мураккаб пандемия шароитида амалга ошираётган машаққатли меҳнатингиз юксак таҳсинга сазовор. Бугун нафақат темирйўлчилар, балки кўплаб юртдошларимиз сизларнинг фидокорона хизматларингиз туфайли саломатликларини тиклаётгани, айни ҳақиқатдир. Темир йўл тиббиёт муассасаларидаги хизмат кўрсатишнинг юқори даражага кўтарилишида ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти соҳамизнинг соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантириш, темирйўлчиларнинг саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш ва тиббий моддий-техник базани мустаҳкамлаш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бундан кейин ҳам бу масалалар энг муҳим ва долзарб вазифа сифатида диққат марказимизда бўлади. Қадрли тиббиёт ходимлари, ҳурматли шифокорлар! Бугунги кунда сизларни, ҳеч шубҳасиз, давримизнинг чинакам қаҳрамонлари, дейишга ҳақлимиз. Сизларнинг машаққатли ва олижаноб меҳнатингиз ҳар қандай мақтов ва рағбатга муносиб! Беморларни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, қайноқ меҳр билан дарддан фориғ этишга, малҳам бўлишга шошилган сиздек жонкуяр инсонларни ҳар қанча шарафласак арзийди. Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилаймиз. Ҳамиша соғ-омон бўлинг, қўлингиз дард кўрмасин!
Чексиз эҳтиром билан,