Ҳозирги глобаллашув шароитида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳамда инсонлар турмуш тарзини ўзгариши, шунингдек айрим кишилар томонидан чекиш маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиниши аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўлларига зарар келтираётганлиги, бунинг натижасида эса семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиб келаётгани маълум бўлмоқда. Ҳар бир инсон соғлом бўлиши учун зарарли одатлардан воз кечиши, мунтазам равишда спорт билан шуғулланиши, доимо тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиши, хусусан таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ исеъмол қилмаслиги зарур. Бир сўз билан айтганда, барчамиз соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
“Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ да Президентимиз фармонига биноан “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва Оммавий спортни янада ривожлантириш” чора–тадбирларини бажариш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” мавзусида семинар тренинг ўтказилди.
Ушбу тренингни ўтказишдан асосий мақсад корхона ишчи-ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзи ҳамда соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилишдир. Семинар тренингга Ўзбекистон Валеологлар Ассоцациясининг мутахассис валеолог Шарипова Эдие Атиллаевнага таклиф қилинди. У ўзининг фойдали маслахатлари билан ўртоқлашиб, соғлом овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ҳафтада мунтазам равишда спорт билан шуғулланиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини ташкил қилиш ва шундан келиб чиққан ҳолда, семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш учун барча керакли маслаҳатларни берди.
Семинар тренинги якунида меҳнат жамоаларидаги биринчи раҳбарлар “Шахсий намуна” тамойилига асосланган ҳолда иш юритишлари, яъни корхонамиз барча қуйи раҳбарлари ва ишчи-ходимлари иш куни давомида гимнастика машқларини бажаришлари ва спорт залларидан, аёллармиз эса фитнес залларидан янада кўпроқ фойдаланишлари кераклиги айтиб ўтилди. Ўтказилган семинар тренинг қизиқарли савол ва жавоблар билан барча ишчи-ходимларда катта таасурот қолдирди.