“Қўприкқурилиш трести” унитар корхонасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Пазанда аёл” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танловда “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси ва унинг Тошкент шаҳридаги 1, 13, 67-Кўприккурилиш отрядлари каби ўнта корхонасида фаолият кўрсатаётган 10 нафар энг пазанда хотин-қизлар иштирок этишди.
Кўрик-танловда темир йўл тизими аёллари пазандалик соҳасида нималарга қодирлигини амалда меҳмонлар ва ҳай’ат ҳакамлари кўз ўнгида яна бир бор кўрсатишди. Танлов шартларига кўра биринчи босқичда иштирокчилар уй шароитида тайёрлаган тортларини намойиш этишди. Унга кўра тайёрлаб келган кўркам ва мазали тортларни қандай тайёрлаганликлари ҳақида ҳайъат ҳакамларига бирма-бир тушунтириб беришди. Берилган саволларга атрофлича жавоб қайтаришди.
Иккинчи босқичда пазанда аёллар уй шароитида тайёрлаган олмали, беҳили ва бошқа мевали пишириқларини тақдим этишди. Сўнгги учинчи босқичда эса улар уй шароитида салат маҳсулотларини шу ернинг ўзида тайёрлашди.
– 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси тасарруфидаги 14 та ташкилотнинг хотин-қизлари иштирокида ҳар йили анъанавий “Пазанда аёл” кўрик-танловини ўтказиб келамиз, – дейди “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасининг Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Абдуллаев. – Бу йилги танловда Тошкент шаҳрида бўлган корхоналаримиздаги энг пазанда ишчи-ходимларни таклиф қилиб, низомда тасдиқланган шартлар асосида уч босқичда ғолибларни аниқладик. Биринчи босқичда торт, иккинчи босқичда пирог ҳамда учинчи босқичда салат тайёрлашди. Эътиборлиси учинчи босқичда, яъни салат тайёрлашда корхона раҳбарияти томонидан ҳар бир иштирокчига масаллиқлар олиб берилди ва шу жойнинг ўзида улар баҳор салатларини тайёрлашди ва ўз қобилиятларини меҳмонлар ҳамда ҳакамлар олдида кўрсатишди. Иштирокчиларнинг ҳар бир фаолияти ҳакамлар томонидан кузатиб борилди ва адолатли баҳоланди.
Кўрик-танлов давомида пазанда аёлларнинг тайёрлаган таомлари ҳакамлар томонидан бир баллдан беш баллгача бўлган шарт асосида баҳоланиб борилди. Якунда эса энг кўп балл тўплаган юқори учлик соҳиблари аниқланди ва ғолиб бўлишди. Унга кўра “Кўприкқурилишбутлаш” унитар корхонаси ходими Наргиза Мақсудова биринчи ўринга сазовор бўлди. 2-ўрин эса “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассиси Нилуфар Набиевага насиб этди. Кучли учликдан 13-Кўприкқурилиш отряди ходими Анастасия Бурал жой олди.
Танлов якунида ғолиблар ва иштирокчилар “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси Бирлашган касаба уюшмаси томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шу куни иш берувчи ҳамда касаба уюшмаси биргаликда трестда узоқ йиллар давомида беминнат хизмат қилган, улкан бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этган ёши улуғ кўприкқурувчилар билан қизқарли давра сухбати ташкил этидилар. Учрашув сўнгида нафақага кузатилаётган пенсионерларга эхтиром кўрсатилиб, эсталик совғалари билан сийландилар.