ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

135 НАФАР ЭНГ ФАОЛ ХОТИН-ҚИЗЛАР РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ ТОМОНИДАН ТАҚДИРЛАНДИЛАР
07.03.2022

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг мажлислар залида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти томонидан тармоқнинг барча ҳудудларидаги темир йўл корхоналарида фаолият кўрсатаётган 135 нафар энг илғор, меҳнаткаш ва фидойи опа-сингилларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда Жамият ва тасарруфидаги корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда ўқув ва тиббиёт масканларида турли лавозимларда фидойилик билан меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирок этишди. Байрам тадбирида дастлаб, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров темирйўлчи опа-сингилларимизни ушбу байрам билан самимий табриклаб, соғлиқ, саломатлик ҳамда оилавий бахт тилади. Темир йўлларимизнинг асосий бўғинларини барқарор фаолият кўрсатишида эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилиб, ўзларининг касбга бўлган садоқатларини кўрсатишганини мамнуният билан айтиб ўтди. Мамлакатимиз темир йўл транспортини йил сайин тараққий этишида касбининг фидойи эгалари бўлган темирйўлчи хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёслигини эътироф этди.
Шундан сўнг тадбирда Персонални бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Тўхтаев ҳам сўзга чиқиб, муноиб аёлларимизни байрам билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва севимли касбларида доим муваффақиятга эришиб юришлари тилади.
Байрам тадбирида тақдирланганлар ҳам сўзга чиқди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти томонидан соҳада фаолият кўрсатаётган темирйўлчи опа-сингилларимизга байрам муносабати билан кўрсатилаётган юксак эътибор ва мукофот учун чин дилдан миннатдорчилик билдиришди.
– Темир йўл соҳасини танлаганимга, шу касбда меҳнат қилиб, фаровон ҳаёт кечираётганимдан жуда ҳурсандман, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ  Иқтисодий тахлил ва прогнозлаш бошқармаси етакчи мутахассиси Бурханова Насиба Кахаровна. – Хурсандчилигим боиси моддий рағбатда эмас, балки раҳбарият камтарона меҳнатимни муносиб эътироф этганида. Ушбу рағбат нафақат менга, балки жамоамга, корхонамиз томонидан темир йўл тизимида амалга оширилган ишларга берилган рағбат деб биламан. Камтарона меҳнатимиз раҳбариятимиз томонидан юксак баҳоланиши ҳар биримизни темир йўл тараққиёти учун янада ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.   
Байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти томонидан тармоқ корхоналарида фаолият кўрсатаётган энг фаол 135 нафар хотин-қизларга 1 миллион сўмдан пул мукофоти берилди ҳамда уларнинг ҳар бирига гул дасталари тақдим этилди.
Ушбу байрам тадбирида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашининг “Йил аёли” миллий танловининг 6 нафар Республика босқичи ғолибларига ҳам фахрий ёрлиқлар топширилди.
Таъкидлаш лозимки, барча минтақавий темир йўл узели унитар корхоналарида, ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган фаол аёллар жойларда Республика Кенгашининг ҳамда бошланғич касаба уюшмаларининг муносиб рағбатлантирувчи совғалари билан тақдирланишди. Байрам муносабати билан соҳада фаолият кўрсатган нафақадаги темирйўлчиларга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.  

257
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна