ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ТАМОЙИЛЛАРИГА АСОСЛАНГАН ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТДИ
10.03.2022

Жорий йилнинг 10 март куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларининг биргаликда кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаев, бошқарув раиси ўринбосари М. Раджабов, Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ва масъул ходимлар, бошқарма, марказ, хизмат, минтақавий темир йўл узеллари бошлиқлари ва корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳамда Республика Кенгашига аъзо, тасарруфдаги касаба уюшма ташкилотлари раислари ва фаоллари иштирок этди.

 

Йиғилиш аввалида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров барчани мажлис кун тартиби билан таништирди.
Шундан сўнг, кун тартибидаги биринчи масала яъни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви билан тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2021 йил давомида бажарилиши бўйича акциядорлик жамиятида олиб борилган ишлар бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Иқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Наримов сўзга чиқди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳисобот йили даврида ижтимоий шерикчилик тамойиллари асосида биргаликда олиб борилган ишлари туфайли келишувнинг 177 та мажбуриятидан 176 таси тўлиқ бажарилганини таъкидлади.
Йиғилишда иштирок этган акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари М. Раджабов эса ўтган йил давомида темирйўл тизимида олиб борилган ишлар тўғрисида маъруза қилди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда 2021 йил давомида 72,02 млн тонна халқ хўжалиги юклари жўнатилгани, бу 2020 йилга нисбатан 101,9 фоизни ташкил этгани, юк айланмаси 25,52 млн тонна км-ни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 111,3 фоизга, 7,97 млн. йўловчилар ташилгани ва бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 126,9 фоизга бажарилганини айтиб ўтди.
Шундан сўнг Республика Кенгаши раиси Қ.Сабировнинг тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2021 йил давомида бажарилиши бўйича тармоқ касаба уюшмаси томонидан олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди. У тармоқ бўйича 2021 йил учун 1 та келишув, 86 та жамоа шартномаси тузилган бўлиб, улар орқали 91889 нафар темирйўл ва транспорт қурувчилари, ишламайдиган пенсионерлар ва касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари қамраб олингани, хусусан корхоналарнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларни, ёшларни, аёлларни, пенсионерларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, соғломлаштириш, бандлик, иш ҳақи каби масалаларида алоҳида тўхталиб, барча йўналишлар бўйича олиб борилган ишлар юзасидан рақамлар асосида йиғилганларга нутқ сўзлади.
Кун тартибидаги навбатдаги масала яъни, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ корхоналарида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ҳолати, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдаги профилактик ишлар аҳволи тўғрисида маърузачилар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ меҳнат мухофазазаси, техника ва саноат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Р.Асомходжаев ҳамда Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши бўлим мудири Ж. Валихановлар сўзга чиқиб, меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш шароитларини яҳшилаш учун жами 24,2 млрд.сўм сарфлангани, шундан “Меҳнатни муҳофаза қилиш фонди” учун 1,85 млрд сўм, атроф мухитни муҳофазалаш бўйича чора-тадбирлари амалга ошириш учун 305,2 млн сўм, ишчиларни маҳсус кийим бош, оёқ-кийим ва шахсий мухофаза анжомлари билан таъминлаш учун 8,5 млрд. сўм, 6501 нафар ишчилар учун сут маҳсулотлари тарқатилгани ва бу харажат 2,42 млрд сўмни ташкил этгани, ишчи-ходимлар 4,49 млрд сўмга суғурталангани, 2021 йилда жабрланганлар ва боқувчисини йўқотганларга 6,48 млрд сўм сарфланганини ўқиб эшиттириб келгусидаги таклифларини баён этдилар.

 

Республика Кенгаши раиси ўринбосари М.Розиметов мазкур йиғилишидаги яна бир масала “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш тўғрисидаги ахбороти билан йиғилганларни таништирди.
Бундан ташқари йиғилишда музокаралар учун касаба уюшма қўмиталарининг раислари, темир йўл корхоналарининг бош муҳандислари ҳам сўз олдилар. Йиғилишга таклиф этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш бўлими мудири Махмуджон Исаев Ўзбекистон касаба уюшмалари хаётида рўй бераётган ўзгаришлар, янгиликлар ва бу борада темирйўлчилар касаба уюшмасининг ҳам ўз ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш якунида ташкилий масалалар бўйича ҳам маълумот берилиб, келгусидаги режалар белгиланган ҳолда қарорлар қабул қилинди ва бир овоздан Республика Кенгаши аъзолари томонидан маъқулланди.

395
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна