ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

НАВРЎЗ ДАСТУРХОНИГА САВДО ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
18.03.2022

НАВРЎЗ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН САВДО ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

 2022 йил 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур байрам мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланиши белгиланди. Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва тасарруфидаги минтақавий темир йўл узелларида, станция ва корхоналарда, тиббиёт муассасалари ҳамда ўқув юртларида халқимизнинг энг ардоқли миллий байрамларидан бири – Наврўзи оламни ўзига хос шодиёна сифатида ўтказиш учун муносиб ва мукаммал байрам дастурлари, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, ўзлигимизни намоён этувчи жиҳатларни қамраб олган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
16-18 март кунлари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқармасида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Бошқарма касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан 3 кун мобайнида савдо ярмаркаси ташкил этилди. Унда темирйўлчилар тармоқнинг Қишлоқ хўжалиги бошқармаси тасарруфидаги “Сардоба темир йўл агро саноат” мажмуаси, “Угом чотқол” давлат биосфера резервати, “Гулобод”, “Темирйўлобод” ҳамда “Наврўз” наслчилик мажмуаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги ҳамда полиз маҳсулотлари, чорвачилик ҳамда сут-қатиқларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олишди.


 
Ярмаркада шунингдек, бошқа хусусий тадбиркорлар ҳам озиқ-овқат, табиий ва кўркам гул кўчатлари, хорижга экспорт қилинадиган турли хил сифатли кийим-кечаклар ҳамда атир-упаларни арзон нархларда савдога қўйиб, бошқа етиштирган маҳсулотлари билан иштирок этди. Шу билан бирга арзон ва сифатли озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни харид қилган темирйўлчилар сони ҳам кўпайди. Ярмаркада сут маҳсулотлари, озиқ-овқат ҳамда қовоқ, олма, лимон, нок, карам, бодринг, помидор, пиёз, картошка, сабзи ҳамда товуқ, қўй, мол гўшти темирйўлчиларга арзон нархларда сотилди. Шунингдек, байрам муносабати билан 121 нафар нафақадаги темирйўлчиларга ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. “Угом чотқол” давлат биосфера резервати жамоаси томонидан етиштирилган ва инсон саломатлиги учун ниҳоятда муҳим бўлган тоғ, чўл ҳамда пахта асали, асал қоришмалари, асалари уясидаги асаллар ҳамда қуруқ мевалар (аччиқ ва ширин бодом, ёнғоқ) харид қилишга талаб жуда юқори бўлди.

296
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна