2003 йил 28 апрелдан буён ҳар йили дунёнинг юздан ортиқ давлатларида Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан нишонланиб келинаётган тадбирни муносиб ўтказиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида чора-тадбирлар белгиланиб, унинг ижроси таъминланмоқда. Жамият раҳбариятининг 2022 йил 6 апрелдаги 296-Н-сонли буйруғига асосан темир йўл тизими тасарруфидаги барча корхоналарда 12 апрелдан 11 майгача “Меҳнат муҳофазаси ойлиги” ўтказилмоқда.
12 майда эса ижтимоий ҳамкор ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад – меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, ишчиларнинг меҳнат вазифаларини бажариш вақтида турли хил зарарланишдан сақлаш, шунингдек, иш берувчилар ва ходимлар ўртасида меҳнатга оид норматив хужжатларга амал қилиниши устидан жамоат назорати олиб борилишида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва юзага келган муаммоларни ўрганган ҳолда ҳамкорликда ечимини топишга қаратилган. Бу борада “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси тасарруфидаги ташкилотларда олиб борилаётган ишлар аҳволини ўрганиш, тадбирларни ташкиллаштирилишида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамиятининг “Қўнғирот” филиалида бўлиб ўтган семинарда иштирок этдик. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакилларига “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбирларни ўтказиш концепцияси”- нинг моҳияти тушунтирилди. Концепцияга биноан жорий йилнинг 22-29 апрель кунлари 14 та ҳудудда барча тармоқлар иштирокида, 23 апрель куни эса Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас иштирокида Самарқанд шаҳрида “Меҳнат муҳофазасининг ижобий маданиятини биргаликда шакллантирамиз” шиори остида минтақавий семинарлар ташкил этилади.
Семинарда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бўйича меҳнат муҳофазаси бош мутахассиси Р.Рахмонбердиев ва “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг Ҳудудий касаба уюшма қўмитаси меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Б.Данияровлар “Меҳнат муҳофазаси ойлиги” давомида амалга ошириладиган ишлар ва вазифалар тўғрисида маълумот берди ва “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган тадбирларда барча темирйўлчиларни фаол иштирок этишга чақирди.