Барчангизни Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши жамоаси ва шахсан ўз номимдан 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан чин қалбдан табриклайман.
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.
Бизга кўп йиллар давомида устозлик қилиб келаётган, ёши улуғ Сиз азиз темирйўлчиларни транспорт соҳасидаги узоқ йиллик самарали меҳнатларингиз, касаба уюшмалар тизимини такомиллаштириш, уларнинг меҳнат жамоаларида тутган ўрни, мавқеи ва жамиятдаги нуфузини ошириш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикчиликни мустаҳкамлаш, шу орқали меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатга доир ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашдаги намунали ишларингиз, соҳага малакали кадрларни тайёрлаш, танлаш, жой-жойига қўйиш, ёш мутахассисларни тарбиялаш борасидаги салмоқли хизматларингиз ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштирокингизни юқори қадрлаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, узоқ умр тилаймиз. Шунингдек, бугунги қутлуғ айёмда ота-боболаримизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, Ватан ҳимояси йўлида фидокорона хизмат қилаётган мард ва жасур аскарларимиз, офицер ва Ватанимиз посбонларига ҳам самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Чексиз ҳурмат ва эҳтиром ила,
Ўзбекистон темирйўлчилари ва
транспорт қурувчилари касаба
уюшмаси Республика Кенгаши раиси
Қ.Сабиров