ҚАДР ИНСОННИ УЛУҒЛАЙДИ, ЖАМИЯТНИ БЕЗАЙДИ
“Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Хотира муқаддас ва қадри азиздир!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Юз нафардан ортиқ корхона ишчи-ходимлари иштирок этган тадбирда дастлаб “Кўприкқўрилиш трести” унитар корхонаси Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.Абдуллаев иштирокчиларни кун тартиби ва ташриф буюрган меҳмонлар билан таништириб, сўзни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, “Сиҳатгоҳ” санаторий-профилакторий бош шифокори профессор Т.Матибаевга берди. – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши анъанага айланган, – деди Т.Матибаев. – Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди.
Ана шундай маълумотлар асосида маърузалар, йиғилишлар, қизғин баҳс-мунозаралар халқимизнинг халқаро вазиятга ва жамиятимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмаслигини яна бир бор кўрсатди.