Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда жорий йилнинг 24-25 май кунлари “Прогнозлаш-норасмий иқтисодиёт ходимлари органайзинги ва стратегик режалаштиришнинг самарали воситаси сифатида” мавзусида семинар тренинг бўлиб ўтди.
Унда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Рафаэль Пилс, Халқаро меҳнат ташкилотининг Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари учун бюроси бош мутахассиси Гоча Александрия, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев, шунингдек Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган касаба уюшмаларининг вакиллари билан бир қаторда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг транспорт ва қурилиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси, маданият ва спорт, туризм, агросаноат мажмуи ва ахборот технологиялари тармоқлари корхона ва ташкилотлари касаба уюшмаларининг рахбарлари, ходимлари иштирок этиб ўзаро тажриба алмашдилар. Бунда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, Қирғизистонлик хамкасблари билан ўзаро фикр алмашдилар.
Аввало иштирокчилар дунёда ўзгаришлар ва ноаниқликларга дуч келаётган бошқа мамлакатлардаги касаба уюшмалари тажрибаси, улар қандай воситалар, усул ва ёндашувлардан фойдаланаётганликлари билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистоннинг ностандарт банд бўлган ходимларни бирлаштириш, мавсумий ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасидаги тажрибаси чет эл касаба уюшмалари вакиллари ҳамда халқаро экспертларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ушбу тренингда асосий эътибор норасмий банд бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва касаба уюшмалари сафига жалб этиш масаласига йўналтирилган ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишга қаратилди. Шундай қилиб иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда 20-30 йилдан кейин норасмий бандлик тизимини қандай бўлиши бўйича барқарор бўлмаган меҳнат шароитларидаги ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш, бу орқали улар ижтимоий ҳимоясини, меҳнати муҳофазаси ҳамда ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган ҳаракатлар стратегик усулларни ишлаб чиқдилар.
Тренингда Халқаро меҳнат ташкилоти «Норасмий бандликдан расмий бандликка ўтиш» лойиҳаси орқали халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги миллий сиёсат доирасида расмий бандликка ўтиш бўйича интеграциялашган инновацион стратегияларни ишлаб чиқишда кўмак кўрсатиши таъкидланди.