ТЕМИРЙЎЛЧИЛАР БУ ЙИЛГИ КАСБ БАЙРАМИНИ КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАШДИ
Мамлакатимиз темир йўл тизими юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим тармоқ бўлиб, юк ва йўловчи ташиш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлашда илғор соҳалардан бирига айланиб бормоқда, десак янглишмаймиз.
Бу борада шу соҳада меҳнат қилаётган раҳбар ва мутахассисларнинг, ишчи-ходимларнинг залворли меҳнати борлигини барчамиз яхши биламиз.
Маълумки, 2017 йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанбаси мамлакатимизда темир транспорти ходимлари куни сифатида нишонланади. Шу куни ушбу касб эгаларининг заҳматкаш меҳнати яна бир бор эътироф этилиб, уларга юксак эхтиром ва ғамхўрлик кўрсатилади.
Жорий йилнинг 5 август куни пойтахтимиздаги муҳташам ва байрамона безатилган Темирйўлчилар маданият саройида бўлиб ўтган тадбирда соҳа фаолияти яна бир бор улуғланди. Шу куни темирйўлчиларни табриклаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Ш.Асадов, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов, Транспорт вазири И.Маҳкамов ташриф буюришди. Шунингдек, байрам тадбирида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси в.б. Х.Хасилов ҳамда бошқарув раиси ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, “Фахрий темирйўлчи” белгиси соҳиблари, Тошкент шаҳридаги темир йўл корхоналари ишчи-ходимлари, фахрий темирйўлчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Байрам тадбирининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Ш.Асадов давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси темир йўл ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ушбу нутқни соҳа ходимлари катта ҳаяжон ва қувонч билан тинглашди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов сўзга чиқди.
–Сиз азиз ва ҳурматли темирйўлчиларни, фахрийларни шахсан ўзим ҳамда ҳукуматимиз номидан табриклашга ижозат бергайсиз, – деди А.Раматов. – Умуман жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида республикамиздаги биронта ташкилотга ёки йўналишга ҳурматли Президентимизнинг табриги йўлланмади. Биринчи табрик сизларга йўлланди. Бу ҳам давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон темир йўлларига бўлаётган юксак эътибор, десак бўлади. Темир йўл соҳаси оғир соҳа, ҳамма ҳам ишлай олмайди бу тизимда. Ҳар бир ишга кеча-кундуз жавоб бериш керак бу ерда. Айниқса, ҳаракат хавфсизлигига. Ҳозирда асосий даромад берадиган юк ташиш ва транзит йўллари бўлган ҳудудларга эътиборни кучайтириш керак. Айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари бўлган Жаслиқ, Борса-келмас ҳамда Каракалпакияда ҳам поездларни ҳаракатини, хавфсизлигини таъминлаш зарур. У ерда ҳам темирйўлчилар яшаб, ишламоқда. Уларни қадрига етишимиз керак, ижтимоий соҳасига эътибор қаратиш зарур. Бугунги кунда электрлаштириш йўналишига кўпроқ эътибор берилаётгани яхши бўлмоқда. Тизимда янги ва замонавий электропоездлардан фойдаланиляпти. Айниқса, Қашқадарё вилоятидаги темир йўл участкаларида электровозларсиз ишлаш жуда қийин. Бироқ тепловозларни бошқарадиган мутахассисларга ҳам эътибор қаратиш керак ва уларни кўпайтириш зарур. Темир йўл давлатимизнинг асосий транспорт тури эканлигини пандемия даврида яна бир бор кўрсатди. Карантиннинг юқори босқичлари даврида ҳамма транспорт тизими ҳаракати вақтинча тўхтаб қолганда ҳам темир йўл транспорти ишлаб турди. Юртимизга импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси темир йўл орқали ташилди. Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор сизларни касб байрамингиз билан табриклайман.
Байрам тадбирида Транспорт вазири И.Махкамов ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси в.б. Х.Хасилов ҳам сўзга чиқиб, темирйўлчиларни касб байрами билан табриклашди. Шундан сўнг байрамнинг тантанали концерт дастури бошланди. Унда халқимиз ардоғидаги таниқли санъаткорларнинг куй қўшиқлари тингланди.